Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Уй ҳайвонларини қийнаган 20 ёшли йигит билан боғлиқ воқеа мамлакатимизда ягона эмас. Бироқ, якун топмаётгани нуқтаи назаридан бетакрор бўлса керак. Яқинда у ҳайвонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи волонтёрларни судга бермоқчи экани, ўзининг муаммоларида айнан уларни айблаётгани ҳақида ёзган эдик. Бугун маълум бўлишича, йигит тиббий экспертизага юборилган эмиш. Бу борада кўпчилик нима сабабдан у енгил жазо билан қутулаётганидан таажжубда.
Аниқлик киритадиган бўлсак, Ислом Асқаров 20 ёшда, у Тошкент давлат транспорт университетида ўқийди. Дарвоқе, у пухта тиббий кўрикдан ўтказилгач, ҳарбий бўлимда тайёргарликдан ўтмоқда.
Мушукларни қийнаган Ислом билан боғлиқ лавҳаларни кўрган кўплаб ўзбекистонликлар қатъий жазо талаб қилмоқда. Кўпчилик эртага ҳимоясиз одам ҳам унинг қурбони бўлиши мумкинлигидан қўрқмоқда.
"Ислом Асқаров жамият учун хавфли, уни ҳайданг, жазоланг! У иккинчи марта у уй ҳайвонларини ўлдирмоқда! Иккинчи марта у енгил жазоланмоқда ва сиз ҳеч қандай чоралар кўрмаяпсиз! Нима учун уни ҳайдаш ўрнига ҳимоя қиласиз?!", -деган иддаолар ижтимоий тармоқларни ларзага келтирмоқда.
Нима учун талабанинг бу каби мойилликлари илгари сезилмагани ва ўқиш давомида у ўзининг шафқатсиз ишларини қилган бўлиши мумкинлигини тушуниш учун Тошкент давлат транспорт университети факультет декани Ботир Ибрагимов билан суҳбатлашдик.
"У бизда уч йилдан бери ўқийди, мен уни шахсан биламан. Талаба сифатида у жуда адекват ва унга нисбатан ҳеч қандай шикоят келиб тушмаган. Бу ҳодисалар таълим жараёнидан кейин содир бўлган. Биринчи ҳолатдан кейин у билан психолог ишлаган. Бироқ, биз вазият яна содир бўлиши мумкинлигини кутмаган эдик", - деди Ботир Ибрагимов Batafsil.uz. мухбирига.
Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, ҳар бир университетда талабаларнинг таҳсил олиши ёки ҳайдалишига оид қатъий қоидалар бор.
"Талабани ҳайдаш учун саккизта банд мавжуд ва Ислом Асқаров уларнинг ҳеч бирига мос келмайди. Агар ҳозир уни ҳайдасак, бу бизнинг жиноят бўлади, Ўзбекистон фуқаросининг ОТМда ўқиш ҳуқуқларининг бузилиши ҳисобланади", - дея таъкидлади суҳбатдошимиз.
Хўш, нима қилиш керак? ОТМ ўзининг яхши номини ҳимоя қилиш ва талабанинг даҳшатли ишларига муносабат билдириш учун нима қила олади? Ҳозирча талаба давлат тиббиёт муассасасига экспертиза учун юборилган.
"Агар тиббий кўрик унинг руҳий ҳолати терапевтик аралашувни талаб қилиниши кўрсатса ҳам, уни ҳайдай олмаймиз, унга бир йиллик академик таътил берамиз. Бу ОТМ қоидалари", - деди декан.
Batafsil.uz. мухбири билан мулоқот якунида Ботир Ибрагимов ҳорғинлик билан: "Биласизми, мен 10 йилдан бери ОТМда ишлайман, лекин ҳеч қачон бундай муаммоларга дуч келмаганман, бу жуда қийин ҳолат", -деди.
Изоҳлар мавжуд емас