Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Аниқланган газ заҳиралари Ўзбекистон учун 40 йилга етади. Бироқ, геологик қидирув ишлари туфайли ҳар йили ушбу заҳиралар тўлдирилмоқда, натижада газ ҳали кўп. Бу ҳақда "Ўзбекнефтгаз" инвестициялар департаменти раҳбари Ҳусниддин Тўраев айтиб ўтган.
“Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда тасдиқланган табиий газ заҳиралари қарийб 2 триллион кубометр газни ташкил этади. Агар биз ҳар йили тахминан 50 миллиард кубометр газ қазиб олишдан келиб чиқадиган бўлсак, математик жиҳатдан бу ҳажм яна 40 йилга етади”, - деди у “Дунё бўйлаб” телеканали эфирида.
Шу билан бирга, Тураевнинг сўзларига кўра, мамлакатда ҳар йили ушбу заҳираларни тўлдиришга имкон берадиган кенг кўламли геологик қидирув ишлари олиб борилмоқда.
"Агар “Ўзбекнефтгаз”ни олсак, ҳар йили газ заҳираларини ўртача 35 миллиард кубометрга кўпайтирмоқдамиз. Шуни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон учун газ кўп йиллар давомида етарли бўлади", – дея таъкидлади у.
"Ўзбекнефтгаз"нинг яна бир департамент бўлим бошлиғи Анвар Муратовнинг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 280 га яқин кон мавжуд бўлиб, улардан 116 таси "Ўзбекнефтгаз"га тегишли газ конларидир. Мамлакатдаги умумий газ ишлаб чиқаришнинг 60 фоиздан ортиғи "Ўзбекнефтгаз" конлари ҳисобига, қолган қисми эса хорижий компанияларга тўғри келади.
Илгари, асосан, барча конлар уч километргача чуқурликда очилган. 2020-2021 йилларда соҳани кенг модернизация қилиш бошланди. Биз Канадада ишлаб чиқарилган юқори аниқликдаги сейсмик қидирув мажмуасини олдик, бу эса 6 километр чуқурликда ўрганишга имкон беради. Бу дегани - биз илгари очилган конларни батафсил ўрганишимиз, шунингдек, янги конларни топишимиз мумкин бўлади”, - деди Геология ва нефт ва газ конларини қидириш институти директори ўринбосари Мирғиёс Ғаффоров.
Шунингдек, унинг айтишича, Сурхондарё вилоятидаги бўр ва юра даври конларини ўрганиш янги йўналиш ҳисобланади.
"Ушбу минтақа жуда катта салоҳият ва ресурсларга эга. Биз ҳозир бунинг устида ишлаяпмиз. Заҳиралар ва уларни тўлдириш билан боғлиқ муаммолар бўлмайди",- деди Ғаффоров.
Изоҳлар мавжуд емас