Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Коронавирусга қарши кураш Штаби мутахассиси Севара Убайдуллаева Тошкентдаги коронавирусни даволашга мўлжалланган айрим тақсимлаш марказларининг ёпилиши боис ўзбекистонликлардан беморлар учун жой йўқлигидан хавотирланмасликни сўради. Унинг айтишича, агар вазият ёмонлашадиган бўлса, уларнинг фаолияти қисқа вақт ичида тикланиши мумкин. Бу ҳақида мухбиримиз хабар бермоқда.
"Бугунги кунда айрим марказларни вақтинча ёпишга қарор қилинди. Буларга коронавирус инфекциясига қарши курашда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида яратилган " Атлас" ва "Ёшлик" марказлари киради. Тошкентдаги ушбу тақсимлаш марказларининг ёпилишига асосий сабаблардан бири - коронавирус инфекциясига чалинган беморлар сонининг камайганидир", - дея таъкидлади у.
Унинг қўшимча қилишича, коронавирус билан касалланганлар энг кўп бўлган Тошкентдаги тақсимлаш марказларининг ёпилиши пойтахтда ва умуман мамлакатда юзага келган қулай эпидемиологик вазиятни акс эттиради.
"Шунга қарамай, кўплаб давлатларда коронавирус инфекцияси тарқалиши кузатилмоқда ва айрим давлатлар иккинчи тўлқинни бошидан кечирмоқда. Бу бизни ҳам огоҳ қилиши керак, шунинг учун давлат ва барча манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳозирда эпидемиологик вазиятни назорат қилиш борасида иш олиб боришмоқда. Агар касаллик динамикаси ошса, ёпилган иншоотларни тезда қайта ишга тушириш мумкин бўлади",- деди у.
Яна бир ижобий ҳолат шундан иборатки, пандемия даврида Ўзбекистонда шифокорлар ва олимлар коронавирусли беморларни самарали даволаш борасида катта тажриба орттириб, ўз профессионал даражаларини бир неча бараварга оширишди.
"Ҳозирги кунда ковидли беморларни даволаш бўйича мавжуд барча марказлар зарур кўрпа-тўшак, тиббий асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар билан жиҳозланган, шунингдек, малакали тиббиёт мутахассислари билан таъминланган. Улар ёпилса ҳам, барча сармоялар сақланиб қолади ва касаллик қайта авж оладиган бўлса, барча имкониятлар аҳолига юқори малакали ёрдам кўрсатиш учун йўналтирилади", - деди у.
Изоҳлар мавжуд емас