Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Коронавирусга қарши кураш бўйича штаб мутахассиси Барно Абдусаматова одатда ким кўпроқ коронавирусга чалиниши ҳақидаги саволга жавоб берди. У шунингдек, коронавирусдан ўлимнинг асосий сабаби нимада эканлиги ва касалликнинг олдини олишнинг ўзига хос йўли тўғрисида маълумот берди. Бу ҳақида мухбиримиз хабар бермоқда.
Кўпинча оғир вазнли, қандли диабет, aртериал гипертензия, юрак ва ўпка касалликлари билан оғриган кишилар коронавирусга дучор бўлади. Ҳамроҳ касалликлари бўлган одамларда Covid-19 айниқса оғир кечади, деди мутахассис АОКАда бўлиб ўтган брифингда.
Унинг айтишича, коронавирусдан ўлимнинг асосий сабабларидан бири - бу тромбознинг ривожланишидир. Бугунги кунга унинг олдини олиш ва даволаш бўйича протоколлар ишлаб чиқилган.
Барно Абдусаматова антикоагулянтлардан тартибсиз фойдаланиш жиддий оқибатларга ва қон кетишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Тромбоз ва қон кетиш хавфини тўғри баҳолаб, шундан кейингина қон ивишини камайтирадиган дориларни қабул қилиш лозим.
Коронавируснинг ўзига хос олдини олиш йўли бор-йўқлиги сўралганда, мутахассис ҳамма нарса мамлакатдаги эпидемиологик вазиятга боғлиқ эканини айтди. Ўзига хос олдини олиш ҳақида гапиришга ҳали эрта - кўплаб мамлакатлар вакцина яратиш устида иш олиб бормоқда ва бу масалани ўрганишмоқда.
Коронавируснинг олдини олиш йўллари албатта йўқ эмас. Иложи борича, катта гуруҳларга тўпланмаслик, ниқоб тақиш, ташқарига чиққандан кейин ва тахминий инфекция манбалари билан алоқа қилгандан сўнг қўлларни ювиш тавсия этилади, деди Абдусаматова.
Изоҳлар мавжуд емас