Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Наманган вилоятида бир ой давомида 29 миллион 406 минг 384 туп гул экилиб, бу натижа Гиннес рекордлари томонидан расман жаҳон рекорди сифатида эътироф этилди.
Рекорд Наманган халқаро гуллар фестивали доирасида ўтказилган оммавий гул экиш акцияси натижалари асосида қайд этилган. Бу ҳақда Гиннес жаҳон рекордлари ташкилотининг расмий вакили ва ҳаками Шейда Субаши маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, рекордни тасдиқлаш жараёнида халқаро талаб ва қоидаларга тўлиқ риоя этилган. Хусусан, гуллар бир ҳудудда жамоавий тарзда экилиши, ҳар бир кўчат алоҳида жойлаштирилиши ҳамда техник воситалардан фойдаланилмаслиги шарт бўлган.
Шунингдек, ҳар бир гул учун етарли ёруғлик, тупроқ ва жой шароити таъминлангани текширилган. 30 кун давомида экилган гуллар бўйича барча ҳужжат ва ҳисоботлар махсус тартибда ўрганиб чиқилган.
Маълум қилинишича, мазкур номинация бўйича Гиннес рекорди учун минимал талаб 1 миллион туп гул экишдан иборат бўлган. Наманган вилоятида эса бу кўрсаткич қарийб 30 бараварга оширилган.
Гиннес вакили Намангандаги акцияни юқори даражадаги ҳамжиҳатлик намунаси деб баҳолаб, бу натижа шаҳарнинг гўзаллиги ва аҳоли бирдамлигининг рамзига айланганини таъкидлаган.

Изоҳлар мавжуд емас