Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўтказилган брифингда жорий йилда ички назорат тузилмалари фаолияти давомида аниқланган йирик молиявий қонунбузарликлар ва кўрилган интизомий чоралар ҳақида маълумот берилди.
Агентликнинг расмий баёнотига кўра, йил давомида ўтказилган 11 953 та ўрганиш ва мониторинг тадбирлари натижасида жами 969,5 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликлар фош этилган. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар туфайли 150,1 миллиард сўм маблағнинг мақсадсиз сарфланишининг олди олинган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларидан келган хатлар асосида 871 та, ички назорат тузилмаларининг ўз ташаббуси билан эса 843 та хизмат текширувлари ўтказилган. Ташқи идоралар сўрови билан ўтказилган текширувлар натижасида ходимларга нисбатан 154 та жиноий, 14 та маъмурий, 323 та интизомий жазо қўлланилган ҳамда 67 та ҳолатда меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Ички назорат тузилмаларининг ўз ташаббуси билан ўтказилган текширувлар эса янада салмоқли натижа берган. Хусусан, ушбу тадбирлар якунида ходимларга нисбатан 31 та жиноий ва 9 та маъмурий иш қўзғатилган, 311 нафар ходим интизомий жазога тортилган. Энг муҳими, тизимда коррупция ва қонунбузарликларга йўл қўйган 1 201 та ҳолатда ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари бутунлай бекор қилинган.

Изоҳлар мавжуд емас