Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентдаги Бунёдкор стадионида 22 май куни футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасини 2026 йилги Жаҳон чемпионатига кузатиш маросими бўлиб ўтди. Минглаб мухлислар, байроқлар, трибуналардан янграган қўшиқлар ва шиорлар — мамлакат ўз тарихида илк бор миллий терма жамоани мундиалга кузатмоқда. Стадионда ҳақиқий футбол байрами муҳити ҳукм сурди.
Тантанали маросим Президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқи билан бошланди. Давлат раҳбари терма жамоанинг жаҳон чемпионатига йўлланма олганини мамлакат учун тарихий ютуқ деб атади ҳамда саралаш босқичи давомида жамоа билан бирга бўлган футболчилар, мураббийлар, уларнинг ота-оналари ва барча яқинларига миннатдорчилик билдирди. Президент мухлисларнинг ҳиссасини алоҳида қайд этиб, уларни терма жамоанинг ўн иккинчи ўйинчиси деб атади.
Давлат раҳбари футболчиларга юзланар экан, бутун мамлакат терма жамоанинг ўйинларини кузатиб боришини ва АҚШ, Канада ҳамда Мексика мезбонлик қиладиган турнирда уларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Президент ўз нутқида бўлажак учрашувларга тўхталиб, футболчиларни майдонга ишонч билан ва бор куч-ғайратини ишга солган ҳолда тушишга чақирди.
Расмий қисмдан сўнг стадионда концерт дастури бошланди. Уни рэпер Шаҳриёр ва опера хонандаси Женисбек Пиязовнинг биргаликдаги чиқиши очиб берди. Шунингдек, томошабинлар қаршисида Муниса Ризаева, Севара Назархон, DJ Piligrim, Озодбек Назарбеков ва бошқа санъаткорлар ўз куй-қошиқларини ижро этишди. Чиқишлар давомида стадион мониторларида терма жамоа ўйинларидан лавҳалар, саралаш босқичидаги футболчилар ва мухлисларнинг ҳаяжонли қувончли лаҳзалари намойиш этилди.
Дастур якунида майдонга миллий терма жамоа футболчилари чиқиб келишди. Томошабинлар кўз ўнгдиги рамзий ўйин учун футболчилар оқ ва кўк либосдаги икки жамоага бўлинди. Учрашувни Насиба Тошмуҳаммедова бошчилигидаги аёллар ҳакамлар бригадаси бошқариб борди.
Ўйин кўк либосдаги жамоанинг 4:3 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Учрашувда Фаррух Сайфиев, Азизбек Омонов, Ҳусайн Норчаев, Акмал Мозговой, Қувондиқ Рўзиев, Достон Ҳамдамов ва Нодир Абдураззоқов гол уришга муваффақ бўлишди.
Кеча давомида трибуналар футболчиларнинг исмларини ҳайқириб куйлашди, телефон чироқларини ёқиб, жамоани қўллашди. Мухлисларнинг бир қисми финал ҳуштагидан кейин ҳам стадион атрофида қолиб, терма жамоани жаҳон чемпионати сафари олдидан олқишлар билан кузатиб қўйди.





















Изоҳлар мавжуд емас