Нега россияликлар Ўзбекистонга боришмоқда? Россиялик сайёҳлар сони  қарийб уч бараварга  ошган
Жамият

Нега россияликлар Ўзбекистонга боришмоқда? Россиялик сайёҳлар сони қарийб уч бараварга ошган

728

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистоннинг россиялик сайёҳлар орасидаги оммабоплиги тобора ошиб бормоқда. Май байрамлари натижаларига кўра, мамлакатимиз россияликлар учун энг машҳур учта хорижий йўналишлар қаторига кирган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.

Туризм ва маданий мерос вазирлигининг маълумотларига кўра, 2022 йил январь-май ойларида 132 мингдан ортиқ россияликлар ўзбек меҳмондўстлигидан баҳраманд бўлишган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан Ўзбекистонга ташриф буюрган россиялик сайёҳлар сони деярли уч баравар кўпайган: 2021 йилнинг беш ойида Россия Федерациясининг 49 минг фуқароси давлатимизга ташриф буюрган.

Мамлакатимизга ташриф буюрган меҳмонлар сонига кўра, Россия Марказий Осиё республикалари – Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан кейин тўртинчи ўринда бормоқда. Аммо бу ерда бир нарсани эътиборга олиш керак: қўшни мамлакатлардан келган меҳмонларнинг   аксарияти шартли сайёҳлар ҳисобланади. Уларнинг кўпчилиги қариндошларини кўриш учун мамлакатимизга келади ва сайёҳлик жойларига ташриф буюрмайди. Россияликлар эса, аксинча улар Ўзбекистон дурдоналарини   томоша қилиш келишади. Бу ҳолат меҳмонхона хоналарининг тўлиш кўрсаткичлари билан тасдиқланган. Масалан, март ойида россияликлар брон қилинган хоналар сони бўйича биринчи ўринни эгаллашган (хоналар умумий сонининг 23,4% фоизини брон қилишган).

Туризм вазирлигининг таъкидлашича, Россия Федерациясидан меҳмонлар мустақил равишда ва уюшган ҳолда келишмоқда. Энг оммабоп йўналишлар қаторига Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Хива, Фарғона, Термиз каби шаҳарлар ҳамда Қорақалпоғистон киради.

Туризм вазирлиги бошқарма бошлиғи Иброхим Барноевнинг сўзларига кўра, россиялик саёҳатчиларининг аксарияти гастрономик, экстремал, маданий ва тарихий туризмга қизиқишмоқда. Уларнинг Ўзбекистонда бўлиш харажатлари ўртача 635,6 долларни ташкил этади.

“Келажакда мамлакатимизга саёҳатларга бўлган талабни ошириш учун Россия Федерацияси фуқаролари учун махсус пакетларни ишлаб чиқиш режалаштирилган. Жумладан, уларнинг эътиборини вино, пляж, зиёрат ва этник туризм каби соҳаларга қаратмоқчимиз. Бундан ташқари, Россияда мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида янада кўпроқ тақдимотлар ўтказиш режалаштирилган”, - деди Барноев.

Ушбу тадбирлар учун Ўзбекистон ва Россия сайёҳлик идоралари вакиллари жорий йилнинг март ойида тасдиқлаган сайёҳлик оқимини кўпайтириш режаси асос бўлган. У 20 та тадбир, жумладан, икки мамлакат Туризми йилини ўтказиш, "Буюк Ипак йўли" трансчегаравий туристик йўналишининг ишга туширилиши, махсус саёҳат пакетларининг яратилиши ва бошқа тадбирлардан иборат. Ушбу йўналишдаги ишлар туризм соҳасидаги ҳамкорлик бўйича алоҳида Россия-Ўзбекистон кичик қўмитаси доирасида амалга оширилади.

Май ойида “Ростуризм” Ўзбекистонга чартер дастурларини ишга тушириш бўйича ишларни бошлаб юборган. Вазирлик прогнозларига кўра, 2022 йилда Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги сайёҳлик оқими ковидгача бўлган кўрсаткичларидан ошиб кетади, яъни 2019 йилда уларнинг сони 520 мингдан кўп бўлган эди. Бу йил ўзаро сайёҳлик оқими 20-30 фоизга ўсиши ва 700 минг кишига етиши мумкин. Бунга амалдаги визасиз режим ва икки мамлакат ўртасидаги тўғридан-тўғри рейслардаги барча чекловларнинг бекор қилиниши ёрдам беради.

Мутахассислар 3-5 йил ичида мамлакатлар ўртасидаги туристик оқим йилига икки миллион даражасига етиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда. Бунинг сабаби шундаки, бугунги кунда Ўзбекистон собиқ совет ҳудудида энг ривожланган ҳаво йўналишларига эгадир: ҳафтада икки томонлама рейслар сони юзга етади ва бу кўрсаткич доимий равишда ўсиб бормоқда.

Яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки,   Миср, Туркия Мальдив ороллари, Европа ва Хитойда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам ноёб сайёҳлик мажмуалари яратилмоқда. Масалан, Самарқандда йилнинг иккинчи ярмида Марказий Осиёда тенги йўқ ноёб Silk Road Samarkand сайёҳлик мажмуаси очилади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, биргина ушбу объект Самарқандга сайёҳлар оқимини йилига 600 минг сайёҳдан 1,2 миллионгача оширади, уларнинг бу шаҳарда яшашининг ўртача давомийлигини 2-3 кунгача кўтариш имкониятига яратилади.

Янги мажмуа Самарқанднинг Шарқий қисмида 260 гектардан ортиқ майдонда жойлашган. Бу ерда меҳмонхоналар, истироҳат боғлари, дам олиш масканлари, ресторанлар, кафе ва барлар, маданият масканлари бунёд этилмоқда. Курорт марказида Самарқанд эшкак эшиш каналининг акваторияси мавжуд. Объектнинг ўзи бир нечта кластерларга бўлинади. Жанубий кластерда тўртта бутик-меҳмонхона мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири ўзининг тиббий ва санаторий йўналишига, шунингдек экологик қишлоқчаси, “Абадий шаҳар” тарихий-этнографик мажмуасига ва савдо майдонларига эга бўлади. Шимолий ёки бизнес-кластерга конгресс-холл ва тўртта меҳмонхона киради. Умуман олганда, Silk Road Samarkand хоналарининг сони тахминан 1200тани ташкил этади.

Мажмуанинг маркази ҳозирда Самарқандда мавжуд бўлмаган пляж туризми бўлади. Мажмуа ҳудудида сунъий кўл ва ҳатто вулқон ва унинг ёнида пляж майдони яратилади. Вулқон сув юзасига сув чиқаради. Бу сувни қурувчилар қудуқни бурғилаш пайтида икки минг метр чуқурликда топишган.

Ёнида “этно-шаҳар” барпо этилиб, унинг кўчаларида ҳунармандлар жойлашади. Бу ерда ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, ипак қоғоз, заргар буюмлари ва гиламларни тайёрлаш жараёнини томоша қилиш ва албатта, ўзбек паловининг ўнлаб навларини татиб кўриш мумкин бўлади.

Сайёҳлик мажмуаси яқинида Марказий Осиёдаги энг йирик дендробоғ очилади. Ноёб иншоот 260 гектар курорт майдонидан 120 гектарини эгаллайди. Таққослаш учун: Тошкентдаги ботаника боғининг ҳудуди 65 гектарни, Сочидаги дендрарий 46,4 гектарни ташкил этади. Дендробоғда 10 мингта маҳаллий ўсимликлар: олма, узум, анор, тутларнинг энг яхши навлари, шунингдек олхўри, шафтоли ва ўрик дарахтлари тақдим этилади. Анжир боғиг 2,5 гектар ерда жойлашади.

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг  

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...