Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Туркияда гиёҳвандлик воситаларига қарши ўтказилаётган кенг кўламли тергов ҳаракатлари доирасида таниқли актриса Серенай Сарикая қўлга олинди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари уни тақиқланган моддаларни сақлаш ва истеъмол қилишда гумон қилмоқда.
Хабарларга кўра, актриса хориждан Туркияга қайтиб келиши билан Истанбул аэропортида жандармерия ходимлари томонидан тўхтатилган. Тергов ишлари Истанбулнинг Бакиркўй прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.
Актрисага нисбатан қўйилган айбловлар бир нечта бандни ўз ичига олади: шахсий истеъмол учун гиёҳванд моддаларни сотиб олиш, қабул қилиш ёки сақлаш; гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш учун шароит яратиш ва соддалаштириш.
Ҳозирда актриса кўрсатма бермоқда. Тергов жараёнининг навбатдаги босқичи сифатида Серенай Сарикая суд-тиббиёт экспертизаси институтига юборилиши кутилмоқда. Расмий органлар ҳозирча иш бўйича батафсил маълумотларни ошкор этгани йўқ.
Олдинроқ Туркияда бир гуруҳ машҳур шахсларга нисбатан ўтказилган гиёҳвандлик текширувлари натижасида айрим санъаткорларнинг таҳлиллари мусбат чиққанди. Текширувлар Истанбул Бош прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас