Загрузка
Загрузка
Нореал қарздорликлар, газдан узиб қўйиш ва пеня.  Hududgazta’minot газ таъминоти соҳасидаги асосий муаммоларни ҳал  қилиш йўллари ҳақида маълум  қилди
Жамият

Нореал қарздорликлар, газдан узиб қўйиш ва пеня. Hududgazta’minot газ таъминоти соҳасидаги асосий муаммоларни ҳал қилиш йўллари ҳақида маълум қилди

1351
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Сўнгги кунларда газ учун тўлов амалга оширилмаслиги сабабли ҳисоблагичларни автоматик равишда узиб қўйиш мавзуси истеъмолчилар томонидан ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинмоқда. Баъзи абонентлар узилишларни нореал қарз ва пеня ёзилиши билан боғлашмоқда. Шу муносабат билан Hududgazta’minot  асосий оғриқли саволларга жавоб қайтарди.

Нореал қарздорлик

Табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимининг жорий этилиши табиий газ учун қарзни нотўғри ҳисоблаш ҳолатларини рўёбга чиқарди. Газ билан таъминловчи ташкилотларнинг барчасида бу ҳолатларнинг ҳар-бири чуқур текширилмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ўтган йилларда BillingGаz тизимига газ ҳисоблагичлардаги нотўғри маълумотлар киритилиши натижасида ҳамда газ ҳисоблагичларининг носозлиги ёки уларнинг ишлашига учинчи томон аралашуви туфайли ҳақиқий бўлмаган дебиторлик қарзлари келиб чиққан.

Ҳозирги кунда Hududgazta’minot ва унинг бўлинмалари мутахассислари шу каби масалалар бўйича фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилишмоқда, тақдим этилган квитанциялар билан BillingGаz тизими абонент карточкасини солиштириб чиқилмоқда. Қарзда хатолик тасдиқланган тақдирда далолатнома тузилади ва унга кўра абонент карточкасига ўзгартиришлар киритилиб, қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Таъкидлаш керакки, газ таъминоти ташкилотлари мутахассислари BillingGаz тизимига рухсатсиз ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга эмас, чунки бундай ҳаракатлар ноқонуний ҳисобланади.

2020 йил 1 августдан   бошлаб табиий газ истеъмолчилари Hududgazta’minot абонент базасига кўчирилди. Қарзни ҳисоблашда йўл қўйилган хатолар билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш учун аввал истеъмол қилинган газ учун кўрсаткичларни киритиш ва ўзаро ҳисоб-китоб қилишга масъул ҳисобланган ҳамкор ташкилотлар билан тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Газни узиб қўйиш ва пеня

Табиий газ таъминоти автоматик равишда узилиши тўғрисида истеъмолчини олдиндан хабардор қилиш мақсадида Hududgazta’minot қарзни уч кун ичида тўлаш зарурлиги ҳақида СМС-хабарларни юборади. Табиий газ учун мавжуд қарз абонент томонидан тўланмаган тақдирда, ёқилғи таъминоти автоматик равишда тўхтатилади.

Бундан ташқари, истеъмолчилар пеняга оид саволлар билан ҳам мурожаат қилишади. Абонент ва табиий газ етказиб берувчи ўртасидаги амалдаги шартномага кўра, фойдаланилган ёқилғи учун тўлов ҳар ойнинг 10 чи санасига қадар амалга оширилиши лозим.

Етказиб берилган газ нархи учун тўлов шартномада назарда тутилган муддатлардан кечикиб тўланган тақдирда, истеъмолчи етказиб берувчига газ таъминоти шартномасига мувофиқ пеня тўлайди. Аҳоли кечиктирилган ҳар бир кун учун 0.1% миқдорида, лекин кечиктирилган тўлов суммасининг 50 фоизидан кўп   бўлмаган ҳажмда пеня тўлайди.

Аҳоли учун қўшимча қулайликлар яратиш ва газ таъминоти ташкилотларида навбатлар юзага келишининг олдини олиш учун газ етказиб берувчилар ва истеъмолчилар ўртасидаги барча ҳисоб-китоблар онлайн шаклга ўтказилмоқда. Агарда абонентларнинг мунозарали саволлари бўлмаса, шахсий кабинет орқали табиий газ истеъмоли, тўлов ва пеня миқдорини кузатиш мумкин. Бундан ташқари, истеъмол қилинган газ учун пул маблағларини уйдан чиқмаган ҳолда Payme, Paynet, Сlick, U-Pay ва Oson мобил иловаларидан фойдаланган ҳолда тўлаш имконияти яратилган.

Ҳисоблагични орқага “суриш”

Hududgazta’minot шуни эслатиб ўтадики, газ тўловларини тежаш мақсадида илгари ўрнатилган ва АСКУГ тизимини қўллаб-қувватламайдиган маиший газ ўлчаш қурилмаларидаги кўрсаткичларни сунъий равишда ўзгартириш қатъиян ман этилади. Бундай ҳолатлар аниқланган тақдирда газ таъминоти ташкилотлари табиий газдан фойдаланиш Қоидаларига кўра, истеъмол қилинган табиий газ ҳажмлари нархи максимал қувват билан бир суткада 24 соат ишлайдиган газ ускунасининг ишлаши ҳисобидан ундирилади.

Муаммолар билан қаерга мурожаат қилиш керак?

Муаммо, савол ёки таклифлар бўлса, истеъмолчилар 1104, 71 200-08-04, 71 202-11-04 телефон рақамлари орқали ёки Facebook ижтимоий тармоғидаги "Газ таъминоти муаммолари ва уларнинг ечимлари" номли гуруҳи ёрдамида Hududgazta’minotга   мурожаат қилишлари мумкин.

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...