Новосибирск аэропортида 150 нафар ўзбекистонлик қолиб кетган. Ўзбекистоннинг Бош консуллиги томонидан уларни олиб чиқиш  учун чартер ташкил этилади
Жамият

Новосибирск аэропортида 150 нафар ўзбекистонлик қолиб кетган. Ўзбекистоннинг Бош консуллиги томонидан уларни олиб чиқиш учун чартер ташкил этилади

764

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. 150 га яқин Ўзбекистон фуқаролари Новосибирск аэропортида қолиб кетишган. Ўзбекистонликлар чипталарни харид қилиб, барча текширувлар ва божхонадан ўтишган ва жўнаб кетишга тайёр бўлишган. Аммо сўнгги дақиқада парвоз бекор қилинган. Бу ҳақида мухбиримиз маълум қилмоқда.

Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консули Юсуп Қобулжоновнинг мухбиримизга берган маълумотига кўра: “Россиянинг S7 авиакомпанияси 18-март куни Новосибирск-Тошкент рейсини амалга ошириши ҳақида маълумот тарқатган. Натижада нафақат Сибирь ва Россиянинг Узоқ Шарқ ҳудудлари, балким бошқа минтақаларида истиқомат қилувчи кўплаб ватандошларимиз Хабаровск ва Владивосток, ҳаттоки Москвадан ҳам транзит орқали келишган. Улар барча текширувлардан ўтиб, юкларини топширишган. Бироқ, сўнгги дақиқада парвоз бўлмаслиги ҳақида уларга хабар берилган".

Унинг сўзларига кўра, йўловчилар ҳақидаги маълумот консулликка этиб боргач, Қобулжонов аэропортга келиб, тўрт соат давомида вазиятни ҳал қилишга ҳаракат қилган.

S7 авиакомпанияси вакилларининг таъкидлашича, Ўзбекистон билан чегаранинг ёпилиши ҳақида бир неча соат олдин маълум қилинган эмиш. Ҳолбуки, бу маълумот Ўзбекистоннинг давлат идоралари томонидан расмий равишда 16 март куни тарқатилган эди.

"Айни пайтда консуллик томонидан йўловчилар учун иссиқ овқат ташкил этилган. Ҳозирда уларни Тошкентга олиб бериш масаласи ҳал қилинмоқда. Бунинг учун махсус рўйхатлар шакллантирилиб, одамлар Uzbekistan airwaysнинг махсус чартери орқали олиб борилади", - деди у.

Қобулжоновнинг қўшимча қилишича, ҳозиргача чартернинг Новосибирскга жўнаш вақти аниқ эмас. Аммо дипломатик идоралар ушбу муаммони имкон қадар тезроқ ҳал қилишга уринмоқдалар.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...
18+