Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Бугун АОКА анжуманлар залида COVID-19га қарши эмлаш масаласига бағишланган брифинг ўтказилди. Batafsil.uz. мухбири Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабековдан эмлаш бепул бўлиши, кишилар вакцина ишлаб чиқарувчини танлай олиши, чет элга чиқиш учун давлат томонидан маълумотнома берилиши хусусида қизиқиб кўрди.
Нурмат Отабеков:
"Ўзбекистонга вакцина бепул олиб келинади. Бу тадбир COVAX глобал жамғармаси томонидан молиялаштирилади. Келажакда у Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган бўлса, маълум тоифадаги кишилар пуллик асосда эмланиши мумкин.
Мамлакат президенти парламентга қилган мурожаатида коронавирусга қарши курашиш чора-тадбирлари учун 3 триллион сўм ажратилишини таъкидлаган. Менимча, ҳозирги [маҳаллийлаштириш ва пандемияни бартараф этиш] босқичда бу бепул бўлади. Балки у [COVID-19] кейинчалик грипп каби оддий бир инфекция айланади. Айни пайтда бундай инфекцияга қарши инсон ўз ҳисобидан эмланмоқда.
Агар вакцина Ўзбекистонда мавжуд бўлса, одамлар ҳар доим танлаш ҳуқуқига эга бўлади. Улар турли компаниялар томонидан ишлаб чиқарилиши мумкин, инсон эса хохлаганини танлайди.
Ҳозирча ҳеч бир давлат кишининг эмлангани ёки эмланмагани ҳақидаги маълумотномани талаб қилмайди. Ҳозирги кунда фақат COVID-19 йўқлиги ҳақидаги сертификат талаб қилинмоқда. Агар мободо эртага шундай эҳтиёж пайдо бўлса, унда маълумотнома беришимиз мумкин".
Эслатиб ўтамизки, 10 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда Шавкат Мирзиёев коронавирусга қарши эмлашни бошлаш ҳақида топшириқ берган эди. Эмлаш ихтиёрий равишда амалга оширилади. Дастлаб вакцинани 65 ёшдан ошган одамлар, сурункали касалликларга чалинганлар, тиббиёт, таълим муассасалари ва аҳоли билан алоқада бўладиган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари олади.
Шунингдек, таъкидлаш лозимки, бугунги кунда мамлакатда Хитойнинг ZF 2001 номли вакцинаси клиник синовларининг учинчи босқичи давом этмоқда. 6823 нафар кўнгилли биринчи дозани, 2556 киши иккинчи дозани ва 6 нафар кўнгилли препаратнинг учинчи дозасини олган.
Инновация вазирлиги синовлар муваффақиятли якунланган тақдирда Ўзбекистон аҳолисини эмлаш учун ушбу препаратни қўллаш бўйича таклиф киритган. Вакцинани ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилади.
Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати Россиянинг коронавирусига қарши "Sputnik V" ваксинасини маъқуллаб, ушбу препаратдан 1 миллион доза сотиб олишга қарор қилган.
Бундан ташқари, Pfizer-BioNTech (АҚШ-Германия) компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Comirnaty препаратидан 100 минг доза харид қилиш режалаштирилган. Бу вакцинани апрель-май ойларида қўллаш белгиланган.
COVAX дастури доирасида Ўзбекистонга AstraZeneca (Англия-Швеция) вакцинасидан 2.6 миллион доза етказиб берилади. Вакцинанинг дастлабки 800 минг дозаси март ойида, асосий қисми эса жорий йилнинг ўрталарида олиб келинади.
Изоҳлар мавжуд емас