Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Олмалиқ ҳокимлиги ҳайвонлар бошпанаси қуриш учун ажратилган ерни ноқонуний олиб қўйиш ҳақидаги маълумот юзасидан изоҳ берган. Бу ҳақида русийзабон "Алмалыкский рабочий" газетасига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамизки, бугун Insider.uz Телеграм-каналида Олмалиқ ҳокими К.Хамдамов собиқ ҳокимнинг қарори билан бошпанасиз ҳайвонларга бошпана қуриш учун ажратилган ерни олиб қўяётгани ҳақидаги хабар эълон қилинди.
Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги матбуот-хизмати бу хабарга шундай изоҳ берди.
"1 май куни Олмалиқ шаҳар ҳокимининг № 2020-сонли қарори билан “Зарбулоқ” маҳалла ҳудудида бошпанасиз ҳайвонларни ҳимоя қилиш Жамиятига вақтинчалик фойдаланиш учун 1 га ер ажратилган. Бироқ, кейинчалик маълум бўлишича, бу жойда ОТМК коммуникациялар зонаси борлиги ва мазкур “ер участкаси заводнинг ривожланиш истиқболида” эканлиги маълум бўлган. Шаҳар ҳокимининг ушбу қарори бўйича жорий йилнинг 27 августида шаҳар прокуратураси томонидан протест киритилган", - дея қайд этмоқда ҳокимлик.
Шунингдек, ҳокимликнинг билдиришича, жорий йилнинг ноябрь ойида шаҳар ҳокими жамият аъзолари билан учрашув ўтказган, мавжуд вазиятни тушунтирган ва бошқа жойда бошпана қуриш учун ер ажратиш бўйича таклиф киритилишини сўраб, кўнгиллиларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини айтган.
"Ҳозирги кунда Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги ер тузиш ва кадастр бўйича комиссия бу масаланинг ижобий ечимини топиш имкониятини кўриб чиқмоқда", - дея таъкидлади хокимият.
ОТМК раҳбариятига йўлланган мактублар ва нашрда кўрсатилган саналардаги номувофиқликлар хусусида ОТМК ахборот хизмати раҳбарининг берган изоҳига кўра, бошпанасиз ҳайвонларни муҳофаза қилиш Жамияти ва ҳокимлик вакиллари бошпана қуриш учун ер ажратиш ҳақида бир неча маротаба мурожаат қилишган. 14 апрелдаги рад жавоб хати 2020 йил 19 мартдаги 04-6/447 –сонли хатга жавобдир.
"Ажратилган ерда комбинат ишчилари ўз ташаббуслари билан кейинчалик ёрдам кўрсатишган, чунки улар кўнгиллилар фаолиятини қўллаб қувватлашади ", - дея хулоса қилишди компания вакиллари.
Изоҳлар мавжуд емас