Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати 2023 йилнинг охиригача МДҲда энг йирик мис-бойитиш фабрикасининг қурилишини якунлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақида бугун бўлиб ўтган матбуот анжумани давомида қурилаётган фабриканинг Дирекцияси директори Олег Староверов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, фабрикада янги технологияларнинг қўлланилиши натижасида йилида 60 миллион руда ишлаб чиқарилади. Хусусан, мутлақ автоматлаштирилган мажмуаларни қўллаш, ноёб роллер-пресс (HPGR) технологияларидан фойдаланиш режалаштирилган.
“Мазкур технологиялардан бугунги кунда соҳа етакчилари бўлган АҚШ, Чили ва Перу давлатлари фойдаланишмоқда. Биз уларнинг тажрибаларини ўрганиб чиқдик. МДҲ ичида кўрсаткичлар бўйича энг яқини Россия бўлиб, бу ерда 40 миллион тонна қувватига эга фабрикалар мавжуд. Истиқболда Ўзбекистон рудани қайта ишлаш буйича бу давлатларни ортда қолдириши ҳеч гап эмас. Бу учун янги ишлаб чиқариш объектини қуриш баробарида “Ёшлик-1”конини ўзлаштириш ҳисобидан уни зарурий хом-ашё билан таъминлаш масаласи кўриб чиқилмоқда”, - деб айтди Староверов.
Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланиши Россиянинг “ТОМС” Илмий-тадқиқот ва лойиҳа институти томонидан тайёрланмоқда. Режага кўра, мазкур фабрикада замонавий технология ва жиҳозларни қўллаш асосида атроф муҳитга таъсир камайтирилиб, унинг энергия самарадорлиги ошади. Зарурий жиҳоз ва технологиялар дунёнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари томонидан етказиб берилади.
“Россия томони ноябрь ойининг охиригача янги фабрика бўйича кўриб чиқиш учун технологияларни тақдим этиши режалаштирилган. Бугунги кунда энг мақбул технологияларни танлаш учун лаборатор ишлар ва рудани ўрганиш тадбирлари олиб борилмоқда. Кейинги босқичда турли жиҳозларни етказиб бериш учун тендер эълон қилинади”, - деди суҳбатдошимиз.
Эслатиб ўтамизки, Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати Ўзбекистонда мис ишлаб чиқариш бўйича ягона корхона саналади. Унда тозаланган мис, металли руҳ, молибден, қўрғошинли концентрат ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Комбинатда республика бўйича кумушнинг 90 фоизи ва олтиннинг 20 фоизи тайёрланади. 2018 йилнинг август ойида корхона давлат улуши чет элнинг SFI Management Group компаниясига ишончли бошқарув асосида берилган эди.
Изоҳлар мавжуд емас