Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда Besqala Mining Valley махсус майнинг зонаси ташкил этилиши белгиланди. Бу ҳақда Президентнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, махсус зона Қорақалпоғистон Республикасининг бутун ҳудудини қамраб олади ва унда майнинг фаолиятини кенг йўлга қўйиш учун шароит яратилади.
Зона доирасида майнинг учун ягона электр тармоғи, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳамда водород электр станцияларида ишлаб чиқарилган энергиядан фойдаланишга рухсат берилади. Шунингдек, олинган крипто-активларни миллий ва халқаро платформалар орқали сотиш ёки айирбошлаш имконияти яратилади.
Мазкур ҳудудни бошқариш учун махсус дирекция ташкил этилади, майнинг фаолиятига рухсат бериш эса Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ваколатига юкланади.
Қарорга мувофиқ, зона резидентлари 2035 йил 1 январга қадар майнинг фаолиятидан олинадиган даромадлар бўйича солиқ ва йиғимлардан озод қилинади.

Изоҳлар мавжуд емас