Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида йил бошидан буён хавфли юқумли касаллик — Қрим-Конго геморрагик иситмасининг 8 та ҳолати қайд этилди. Касалланганлар орасида қовун далаларида ишлаш ёки дам олиш вақтида кана чаққан Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор.
Туркистон вилояти Санитария-эпидемиологик назорат бошқармаси раҳбари Нурбек Нишанов маълум қилишича, қайд этилган ҳолатларнинг 6 таси чорва молларига қараш ёки улар билан алоқада бўлиш вақтида кана чақиши билан боғлиқ. Яна бир ҳолат ҳовлида ўт ўриш пайтида кана чақиши оқибатида юзага келган.
Туркистон вилояти Қрим-Конго геморрагик иситмаси бўйича эндемик ҳудуд ҳисобланади. Баҳор ва ёз ойларида каналар фаоллигининг кескин ошиши касаллик юқиш хавфини янада кучайтиради. Йил бошидан буён ҳудудда 35 мингдан ортиқ намуна текширилган бўлиб, улар орасидаги 55 та канада Қрим-Конго геморрагик иситмаси қўзғатувчиси аниқланган.
Мутахассислар чорва моллари билан ишлашда ёки табиат қўйнида бўлишда ёпиқ ва ҳимоя кийимларидан фойдаланиш, танани мунтазам текшириб туриш ҳамда кана чаққан тақдирда зудлик билан тиббий ёрдамга мурожаат қилишни тавсия этмоқда.
Аввалроқ Конго Демократик Республикасида Эбола эпидемияси кучайиб, 12 август ҳолатига кўра, мамлакатнинг олти вилоятида 4 660 дан ортиқ касалланиш ва 2 184 та ўлим қайд этилганди.

Изоҳлар мавжуд емас