Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Туркиянинг Анқара шаҳрида одам савдоси, ноқонуний миграция ва фоҳишаликка жалб қилиш билан боғлиқ жиноятлар юзасидан ўтказилган операцияда 26 нафар гумонланувчи ушланди. Улар орасида Ўзбекистон, Ироқ ва Туркманистон фуқароси бўлган аёлларни эксплуатация қилган шахслар борлиги аниқланган.
Анқара Республика прокуратураси мувофиқлаштирувида шаҳар полициясининг Мигрантлар контрабандасига қарши кураш ва чегара назорати бўлими томонидан Чанкая туманидаги 5 та кўнгилочар масканида операция ўтказилган.
Тергов давомида ушбу масканлар эгалари, ходимлари ёки улар билан алоқадор бўлган жами 27 нафар гумонланувчи аниқланган. Терговчиларнинг маълум қилишича, гумонланувчилар турли давлатлардан — жумладан, уруш, иқтисодий қийинчилик ва оилавий муаммолар сабабли яхшироқ ҳаёт излаб Туркияга қонуний равишда келган хорижлик аёлларга оддий иш ваъда қилган.
Бироқ улар кейинчалик аёлларнинг оғир ижтимоий ва молиявий аҳволидан фойдаланиб, уларни кўнгилочар масканларда мижозлар столларида консомация, яъни мижозлар билан бирга ўтириб, уларга хизмат кўрсатишга мажбурлагани айтилмоқда.
Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчилар Туркияда қонуний қолиш муддати тугаган ёки ноқонуний ҳолатда бўлган айрим хорижликларни ҳам ишлатишда давом этган. Полиция операциялари вақтида уларнинг қочиши ёки яширинишига ёрдам берилган, шунингдек, айримларига гумонланувчилар томонидан топилган манзилларда яшаш имконияти яратилган.
Бундан ташқари, айрим хорижлик аёллар фоҳишалик мақсадида уйлар ва меҳмонхоналарга йўналтирилгани ҳамда бу орқали ноқонуний даромад олингани гумон қилинмоқда.
Операция вақтида кўнгилочар масканларда консомация билан шуғулланган 15 нафар хорижлик аёл тегишли идораларга топширилган. Уларнинг 6 нафари Ўзбекистон фуқароси, 1 нафари Ироқ фуқароси ва 4 нафари Туркманистон фуқароси. Қолган хорижлик аёлларнинг фуқаролиги алоҳида кўрсатилмаган.
Шунингдек, Туркияда қонуний қолиш ҳуқуқига эга эмаслиги аниқланган яна 3 нафар хорижлик ушланган ва уларга нисбатан маъмурий чоралар кўриш бошланган.
Операция давомида жами 26 нафар гумонланувчи ушланиб, ҳибсга олинган. Улардан бири бошқа жиноят иши бўйича аллақачон қамоқда экани маълум қилинган. Яна бир гумонланувчини эса қўлга олиш бўйича қидирув давом этмоқда.
Гумонланувчиларга нисбатан Туркия Жиноят кодексининг 80-моддасидаги одам савдоси, 79-моддасидаги мигрантларни ноқонуний олиб кириш ёки ўтказиш ҳамда 227-моддасидаги фоҳишаликка ундаш, воситачилик қилиш ёки бунинг учун жой бериш билан боғлиқ жиноятлар бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов ҳозирча давом этмоқда.
Илгарироқ ҳам Туркияда Konuşanlar кўрсатувида ўзини "профессионал ва VIP массаж мутахассиси" деб таништирган Ўзбекистон фуқароси ишлаш рухсатига эга эмаслиги аниқлангач, ушланганди. Унга нисбатан мамлакатдан чиқариб юбориш жараёни бошланган эди.

Изоҳлар мавжуд емас