Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони тобора ортмоқда. Учинчи тўлкиннинг олдини олиш учун ҳукумат томонидан янги чеклов чоралари жорий этилмоқда. Куни кеча маълум бўлишича, оромгоҳларга жўнатилаётган болалар ва санаторийга йўл олган катталар мажбуран ПЗР-таҳлилини топшириши лозим экан. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Бу хабар ижтимоий тармоқларда кўплаб норозиликларни келтириб чиқарди. Одамларнинг ёзишича, 170-300 минг сўм пул йўлланмага қўшимча тўлов бўлиб, ким учундир яхши бизнесга ўхшайди. Кўпчилик бундай оғир даврда оддий одамлардан пул “сўриш”нинг охири борми, дея ғазабланмоқда.
Масалага ойдинлик киритиш учун мухбиримиз Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига мурожаат қилди.
“Болалар соғломлаштириш муассасасига юборилаётган бола оилавий поликлиникада мутлақо текин равишда ПЗР-таҳлилини топшириши мумкин. Пансионат ёки санаторийга бормоқчи бўлган катталар учун ҳам таҳлил топшириш бепул”, - дея маълум қилди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати.
Бироқ, энди поликлиникаларда ёш болаларнинг тўпланиб қолиши аниқ. Ота-оналар эса ўз ўрнида, хохласа - навбатда туриб бепул таҳлил топшириш ва ўзини хавф остига қўйишга ёки хусусий клиникада пуллик таҳлилдан ўтишга мажбур бўлади.
Бу ерда масаланинг нақадар мақсадга мувофиқлигини кўриб чиқиш зарурдир. Бундай чоралар қўлланилар экан, турли концерт ва ёшлар форумларини ўтказишга рухсат беришдан не фойда?
Изоҳлар мавжуд емас