Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда қабул қилинган янги қонунга мувофиқ, солиқ органи раҳбари ёки унинг ўринбосари тадбиркорнинг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларини бевосита ўз қарори билан тўхтатиб қўйиши мумкин. 2026 йил 21 октябрдан кучга кирган ушбу ҳужжат билан Солиқ ҳамда Иқтисодий процессуал кодексларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Янги тартибга кўра, солиқчилар томонидан чиқарилган қарор банк ҳисобварақларидаги амалиётларни музлатиш учун бевосита асос бўлади. Агар тадбиркор ушбу қарорга нисбатан эътироз билдирса, шундан сўнггина солиқ органи уч кун ичида масалани судда кўриб чиқиш учун ариза беради. Бироқ суд томонидан якуний қарор қабул қилингунига қадар ҳам тадбиркорнинг банк ҳисобварақларидаги сиртдан киритилган чеклов ва тўхтатиб туриш ўз кучида қолаверади.
Агар тадбиркор белгиланган талабларни тўлиқ бажариб, сабабларни бартараф этса ёки суд солиқ органининг даъвосини рад этса, шундагина ҳисобварақлардаги чеклов бекор қилинади. Мазкур нормалар тадбиркорлик субъектларининг молиявий фаолиятига ва уларнинг банкдаги манбаларига бевосита таъсир кўрсатади.
Бундан олдин Ўзбекистонда тадбиркорларга тўланган қўшилган қиймат солиғининг (ҚҚС) бир қисмини барқарорлик рейтингидан қатъи назар қайтариш механизми жорий этилганди. Давлат солиқ қўмитаси маълум қилишича, қайтариш автоматик равишда амалга оширилади.

Изоҳлар мавжуд емас