Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Самарқандда ўтказилаётган Болалар фаровонлиги бўйича жаҳон саммитида тиббий кўрикларни болаларнинг ўзига қулай жойларда ташкил этиш, жумладан, мактабларга махсус автобуслар орқали бориш таклиф қилинди. Муҳокамада Россия ва Беларус вакиллари мактаб тиббиёти, ўсмирлар саломатлиги марказлари ва психологик ёрдам хизматлари тажрибаси билан ўртоқлашди. Batafsil.uz мухбири ушбу сессияда иштирок этди.
Беларусь соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Елена Богданнинг маълум қилишича, мамлакатда ЮНИСЕФ ва БМТнинг Аҳоли жойлашуви жамғармаси кўмагида ўсмирлар ва ёшлар учун мўлжалланган 60 дан ортиқ махсус марказ фаолият юритади. Уларда болалар ва ўсмирлар билан мулоқот қилишга тайёрланган мутахассислар ишлайди. Шунингдек, ёшлар ўртасида тенгдошлар орқали соғлиқ ҳақида маълумот тарқатиш усулидан фойдаланилади.
Беларусда кичик ёшдаги болаларнинг шифокордан қўрқишини камайтириш учун тиббиёт муассасаларида ўйин шаклидаги машғулотлар ҳам ўтказилади. Айрим болалар стоматология кабинетларида эса кўрик вақтида боланинг эътиборини чалғитиш учун мультфильмлар намойиш этилади.
Россия соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Евгения Котова мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида тиббий хизмат кўрсатиш тажрибаси ҳақида гапирди. Унинг айтишича, шифокорларнинг таълим муассасаларига бориши болаларни профилактик кўрикдан ўтказишни осонлаштиради. Бу ота-оналарнинг ҳар сафар ишдан рухсат олиб, болани поликлиникага олиб бориши заруратини камайтиради.
Россиядаги ушбу тизимда мактаб тиббиёт ходимлари поликлиникаларга бириктирилган. Бу уларнинг ишини умумий соғлиқни сақлаш тизими билан мувофиқлаштириш имконини беради. Профилактик кўриклар боланинг мактабга чиқиши, таълимнинг кейинги босқичига ўтиши ва ўсмирлик даври каби муҳим босқичларда чуқурроқ текширувларни ҳам ўз ичига олади.
Муҳокамада ўсмирларнинг репродуктив саломатлиги ва руҳий ҳолатига оид масалалар ҳам кўтарилди. Россияда болалар ва ёшлар учун репродуктив саломатлик кабинетлари ташкил этилмоқда. Шунингдек, мамлакатда кеча-ю кундуз ишлайдиган инқироз телефон линиялари мавжуд бўлиб, улар орқали ёшлар шахсий маълумотларини ошкор қилмасдан ёрдам сўраши мумкин.
Саммитда илгари сурилган мобил клиникалар таклифига кўра, махсус жиҳозланган автобуслар мактабларга бориб, болаларни профилактик кўрикдан ўтказиши мумкин. Бу, айниқса, тиббий муассасадан узоқда яшайдиган болалар учун қулайлик яратиши мумкин. Бироқ муҳокама давомида мазкур ташаббусни амалга ошириш муддати, молиялаштириш манбалари ёки уни жорий этиш бўйича аниқ қарор эълон қилинмаган.
Саммитда келтирилган мисоллар болалар тиббиётида тиббий хизматни уларга яқинлаштириш, ўсмирлар билан очиқ мулоқот ўрнатиш ва шифокорга мурожаат қилишдаги руҳий тўсиқларни камайтириш масалаларига қаратилди.

Изоҳлар мавжуд емас