Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент вилояти Тошкент туманига қарашли Назарбек ҳудуди аҳолиси жамоат транспорти етишмаслиги ва мавжуд йўналишлардаги тартибсизликлардан жиддий норозилик билдирмоқда.
Ҳудуддан пойтахт марказига қатновчи автобус ва йўналишли таксилар доимий равишда одам билан лиқ тўла ҳолда келаётгани сабабли, минглаб йўловчилар, жумладан, мактаб ўқувчилари ва талабалар бекатларда бир соатдан ортиқ вақт давомида транспорт кутишга мажбур бўлмоқда.
Сўнгги йилларда Назарбек ва унга туташ ҳудудларда аҳоли сони ва янги турар жойлар кўлами сезиларли даражада ошганига қарамай, жамоат транспорти инфратузилмаси ушбу талабга умуман жавоб бера олмаяпти.
Эрталабги ва кечки тиғиз вақтларда бекатларда юзлаб одамлар тўпланиб қолган. Тирбанд транспортга чиқиш учун йўловчилар ўртасидаги талаш-тортишлар ва тиқилинчлар оддий ҳолга айланиб бўлган.
Энг ачинарлиси, эрталаб мактаб ва коллежга шошилаётган ёш ўқувчиларнинг аксарияти дарсга кечикиб боришга, совуқ ва иссиқ кунларда соатлаб бекатда сарсон бўлишга мажбур.
Мавжуд йўналишларда ҳаракатланаётган автобуслар оралиқ интервалига умуман амал қилинмаган, ҳаракат жадвали эса фақат қоғозда қолиб кетмоқда.
Йўналишли такси ҳайдовчилари эса сиғимдан ортиқ йўловчи олиш орқали йўл ҳаракати хавфсизлиги талабларини қўпол равишда бузиб келинган.
Жамоатчилик ва маҳаллий аҳоли томонидан Транспорт вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ва вилояти транспорт бошқармаларидан вазиятни зудлик билан назоратга олиш талаб қилинмоқда.
Аҳоли Назарбек ҳудудини Тошкент шаҳрининг асосий транспорт тугунлари ва метро бекатлари билан боғловчи янги сиғимли автобус йўналишларини жорий этиш, мавжуд йўналишлардаги ҳаракат таркибини кўпайтириш ҳамда қатъий жадвал асосида ҳаракатланишни таъминлашни сўрамоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда 2026 йил 17 октябрь куни соат 21:00 ларда Тошкент шаҳрида 13-сонли йўналишда ҳаракатланувчи автобус ҳайдовчиси томонидан транспорт салонида мусиқани баланд овозда қўйиб ҳаракатлангани акс этган видео тарқалди ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Изоҳлар мавжуд емас