Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ўзбекистонда ҳаттоки “қизил” ҳудудларда оммавий тадбирлар уюштирилмоқда. Бу эса карантиннинг узоқ давом этишига сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков Тошкентда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
"Афсуски, ҳудуд коронавирус юқиши хавфи нуқтаи назаридан “қизил” ҳудудга киритилган бўлса ҳам, у ерда оммавий тадбирлар ташкил қилинмоқда. Бу эса жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Биз жуда яхши биламизки, 70 кун карантинда бўлиш жуда қийин. Шунга қарамай, карантин ва чеклов чораларини давом эттиришимиз керак. Чунки аҳоли орасида коронавирус инфекцияси бўлган беморлар аниқланмоқда", - деди у.
Унинг сўзларига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг барча тавсиялари аввало, ўзбекистонликлар саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган.
“Мазкур талабларга ҳамма риоя қилиши керак. Акс ҳолда, карантин яна узоқ давом этиши мумкин”, - дея таъкидлади у.
Эслатиб ўтамизки, илгарироқ Андижон вилояти Избоскан тумани ҳокимлиги томонидан “Соғлом ҳаётга 500 қадам” номли оммавий акция ўтказилган эди. Ушбу тадбир ўзбекистонликларни ажаблантирмай қўймади. Сабаби - икки кун илгари маҳаллий аҳолидан бирида коронавирус аниқланган эди.
Бунга жавобан, ҳокимлик мазкур акция “туман давлат санитария-эпидемиология назорати маркази мутахассисларининг махсус назорати остида ва карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ўтказилган”лигини билдирди.
Изоҳлар мавжуд емас