Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистонда пенсия бериш тизимини яна ўзгартиришга қарор қилинган. Асосий янгиликлар сифатида пенсия карталарининг жорий қилиниши, пул берадиган банкларни танлаш учун тендер ўтказилиши ва пенсияни уйга етказиш бериш учун устамаларни кўрсатиб ўтиш мумкин. Бу ҳақида Batafsil.uz. мухбири хабар бермоқда.
Мазкур чоралар президентнинг “Фуқароларга давлат пенсиясини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни фуқароларга етказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасида кўрсатиб ўтилган.
Монополия тугатилади
Пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловларни тўлаш ҳар уч йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида ўтказиладиган тендер асосида танланган тижорат банки томонидан амалга оширилади;
Айни пайтда пенсия тарқатиш муқобилсизлик асосида Халқ банки томонидан амалга оширилмоқда.
Пенсияни етказиб бериш
Пенсия ва нафақалар етказилганлиги учун хизмат ҳақини тўлаш учун фуқароларнинг ҳар ойлик пенсия ва нафақа миқдорига қўшимча 1 фоиз устама жорий қилинади ҳамда тўловларни нақд пулсиз шаклда олиш ёки арзонроқ хизматдан фойдаланиш ҳисобига иқтисод қилинган маблағ пенсия ва нафақа олувчининг иҳтиёрида қолдирилади;
Махсус карталар
Пенсия ва нафақа олувчиларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида шахсини тасдиқлайдиган, эгасининг шахсий биографик маълумотлари қайд этилган, электрон ташувчи қурилмага (чипга) эга бўлган банк картаси сифатида фойдаланиш имконияти мавжуд махсус пенсия картаси жорий этилади.
Янги тизим
Пенсияларни ҳисоблаш "Ягона Миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат мажмуасига киритилган меҳнат стажи, олий ўқув юртларида кундузги ўқиши ва ҳарбий хизматни ўташ даври ҳақидаги электрон маълумотлар асосида амалга оширилади.
Жамғарма тозаланади
Давлат пенсия таъминоти соҳасида кўрсатиладиган хизматлар сифатини замон талабларига мувофиқлаштириш мақсадида пенсия жамғармасининг ташкилий тузилмаси танқидий кўриб чиқилади.
Пенсия жамғармасининг бўш маблағларини тижорат банклари депозитларига вақтинчалик жойлаштиришдан олинган даромадларнинг йигирма фоизи ижтимоий ривожлантириш ва пенсия жамғармаси ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармасига йўналтирилади.
Ҳар бир вилоятда пенсия жамғармаси бинолари негизида "Пенсия жамғармасининг намунавий бўлими" ташкил этилади.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас