Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Пойтахтда Тошкент давлат транспорт университети ташкил этилди. У Тошкент темир йўл муҳандислари институти, Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти ва Тошкент давлат техника университетининг авиакосмик технологиялари факультети негизида ташкил этилган. Бу ҳақида мухбиримиз маълум қилмоқда.
Президентнинг “Транспорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, университет транспорт соҳаси учун олий маълумотли мутахассислар ва илмий кадрлар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича асосий таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади.
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб университетда илғор халқаро таълим стандартлари ва ўқув дастурларига мувофиқ босқичма-босқич кредит-модуль тизими жорий қилинади. 46 та бакалавр йўналишлари ўрнига Германия, Жанубий Корея ва Хитой билан қўшма таълим дастурлари асосида 18 та мутлақо янги йўналишлар бўйича машғулотлар ўтказилади.
Ректорнинг биринчи ўринбосари лавозими жорий этилиб, унга чет эллик мутахассис тайинланади. У замонавий халқаро тажрибани таълим жараёнига киритишга масъул бўлади.
Ҳар бир факультет ҳузурида транспорт соҳасидаги реал муаммоларни ҳал қилиш билан шуғулланувчи 6 та илмий лабораториялар ташкил этилади.
Мазкур ҳужжатда транспорт соҳаси учун мутахассислар тайёрлаш ва республиканинг илмий салоҳиятини ошириш кўзда тутилган.
Ўқитиш асоси сифатида амалий машғулотларга урғу берадиган Германия тажрибаси олинади. Талабалар ҳафтада бир кун ўз ихтисосликлари объектларида бўлишади.
Университет Васийлик кенгашига Бош вазирнинг биринчи ўринбосари раҳбарлик қилади. Кенгашнинг асосий вазифалари университетнинг моддий-техник базасини ривожлантиришга молиявий ёрдам кўрсатиш, бюджетдан ташқари маблағларни жалб қилиш ва битирувчиларнинг касбий тайёргарлиги ва бандлигини ошириш учун иш берувчилар билан самарали ҳамкорликни ўрнатишдан иборат бўлади.
Янги университетга унинг таркибига кирган институтлар бинолари берилмоқда. Инвестиция дастури доирасида 2020 йилда университет учун учта янги объект қурилади, мавжудлари эса таъмирланади. Бу мақсадга 243 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Қарорга кўра, университет ҳузурида академик лицей ҳам тузилмоқда.
Изоҳлар мавжуд емас