Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Президент Шавкат Мирзиёев фармони билан 264 нафар шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди. Фармон ижроси доирасида фуқаролиги бўлмаган шахсларга мамлакатнинг турли ҳудудларида Ўзбекистон фуқаролигини тасдиқловчи ID-карталар топширилди.
"Ўзбекистон 24" телеканалининг хабар беришича, янги фуқароларга ID-карталар Тошкент вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Сирдарё, Самарқанд, Бухоро ва бошқа ҳудудларда тантанали равишда топширилган.
Фуқароликка қабул қилинганлар энди Ўзбекистонда тўлақонли фуқаро сифатида яшаш, меҳнат қилиш ва қонунчиликда белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Тадбирлар Президент фармони асосида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилган.
Шунингдек, бугун Президент Шавкат Мирзиёев 852 нафар жазо ўтаётган шахсни афв этиш тўғрисидаги фармонни ҳам имзолаганди. Афв этилганлар орасида 7 нафар хориж фуқароси, 375 нафар ёшлар, 49 нафар аёл ва 60 ёшдан ошган 37 нафар эркак бор.

Изоҳлар мавжуд емас