Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ ҳарбий суди 2001 йил 11 сентябрь терактларини ташкил этишда айбланаётган Холид Шайх Муҳаммад ва унинг уч нафар гумонланувчи шериги устидан суд жараёнини 2028 йил 5 июнга белгилади. Дастлаб прокуратура судни 2027 йил январда бошлашни сўраган эди.
Судьянинг таъкидлашича, иш бўйича дастлабки муҳокамаларни, жумладан, қайси далиллардан судда фойдаланиш мумкинлигига оид баҳсларни ҳал қилиш учун қўшимча вақт талаб этилади.
Жараёндаги асосий баҳсли масалалардан бири гумонланувчиларга нисбатан қаттиқ сўроқ усуллари ва қийноқлар қўлланган даврда олинган маълумотларни судда далил сифатида қабул қилиш мумкин ёки мумкин эмаслиги билан боғлиқ.
Мазкур масала йиллар давомида суд жараёнининг кечикишига сабаб бўлиб келган.
Холид Шайх Муҳаммад 2003 йил 1 март куни Покистонда қўлга олинган ва кейинчалик АҚШнинг Гуантанамо қамоқхонасига ўтказилган. У 11 сентябрь терактларини режалаштириш ва амалга оширишга раҳбарлик қилганликда айбланмоқда.
2025 йилда апелляция суди Муҳаммад ва унинг икки нафар шеригига айбини тан олиш эвазига ўлим жазосидан қутулиш имконини берувчи келишувни рад этган.

Изоҳлар мавжуд емас