Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қорақалпоғистонда умумий қиймати 5,11 миллиард доллар бўлган олтита йирик рақамли технологиялар лойиҳаси амалга оширила бошланди. Улар орасида учта майнинг маркази ва учта дата-марказ бор.
Бу ҳақда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Орынбаев Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида янги объектларни ишга тушириш маросимида маълум қилган.
Унинг таъкидлашича, ҳудудда яратилган шароитлар инвестициялар ва амалга оширилаётган лойиҳалар сифатини оширишга кўпроқ эътибор қаратиш имконини бермоқда.
Аввалроқ Қорақалпоғистонда Besqala Mining Valley махсус майнинг зонаси ташкил этилиши хабар
қилинганди. Президент қарорига кўра, ушбу зонанинг ҳудуди бутун Қорақалпоғистонни қамраб олади.
Махсус зонада майнинг фаолияти учун ягона энергетика тизими, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳамда водород электр станцияларидан олинадиган электр энергиясидан фойдаланишга рухсат берилади.
Зона резидентлари учун ҳам солиқ имтиёзи белгиланган. Жумладан, уларнинг майнинг фаолиятидан олинадиган даромадлари 2035 йил 1 январга қадар солиқлар ва йиғимлардан озод қилинади.
Майнинг зонаси фаолиятини ташкил этиш учун махсус дирекция тузилиши кўзда тутилган. Майнинг билан шуғулланиш учун рухсатномаларни эса Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги беради.
Майнинг натижасида олинган криптоактивларни миллий криптобиржалар ва хорижий платформалар орқали сотиш ёки бошқа ликвид криптоактивларга алмаштириш мумкин.

Изоҳлар мавжуд емас