Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Узун тумани Сув етказиб бериш хизмати давлат муассасасига янги тайинланган директор Абдусатторов таътилда бўлган ходимини ишга чақириб, унга таҳдид қилгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Мурожаат муаллифининг таъкидлашича, Абдусатторов лавозимга тайинланганидан икки кун ўтиб, таътилда бўлган ходимларга нисбатан босим ўтказа бошлаган.
Аудиёзувда раҳбарнинг таътилда ва шифокор назоратида эканини билдирган ходим билан кескин гаплашгани, ундан ишга келишни талаб қилгани ва таҳдидомуз ибораларни ишлатгани эшитилади. Хусусан, суҳбатда "Мендан прав сўрама", "Ёқмаса сур" ва "Қонингни ичаман" каби иборалар айтилган.
Ходим эса ўзининг меҳнат таътилида эканини билдириб, ишга чақириш расмий тартибда, тегишли буйруқ ёки хат асосида амалга оширилиши кераклигини таъкидлаган.
Мурожаатда, шунингдек, муассасада 10–15 нафар ходимни "буюртма" асосида мажбуран ишдан бўшатиш бўйича топшириқ берилгани ва янги раҳбар бу жараённи амалга ошираётгани ҳақида ҳам даъволар келтирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан мурожаатчи Ички ишлар вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Меҳнат инспекцияси ҳамда Давлат хавфсизлик хизматига мурожаат қилган.
Маълум қилинишича, Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби ҳолат вилоят бошқармаси раҳбари томонидан ўрганилаётганини билдирган.
Айни пайтда раҳбарнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилгани ҳақида расмий маълумот йўқ. Тегишли мутасадди идораларнинг муносабати кутилмоқда.
Бундан олдин Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида ИИБ мулозими асл сабабсиз фуқарони шафқатсизларча калтаклангани ҳақида хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқалганди. Фуқаро оғир жароҳатлар билан Шаҳрисабз тумани марказий шифохонасига жойлаштирилган.

Изоҳлар мавжуд емас