Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Мухбиримиз берган хабарга кўра, Россия кончилик университети томонидан Ўзбекистонда бошланғич муҳандислик таълими институтини очиш режалаштирилган.
Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари Узоқбой Бегимқулов ва Кончилик университети ректори Владимир Литвиненко ўртасидаги музокаралар давомида маълум бўлди.
Томонлар республикада илмий ва инновацион марказ тузиш тўғрисида дастлабки келишувга эришдилар. Унда тахминан 20-30 минг кишини ўқитиш мумкин бўлади.
Режага кўра, институт техник билимларга қизиқиши юқори бўлган иқтидорли ёшларга келгусида танламоқчи бўлган касбини яхшироқ аниқлашга имкон яратади. Яъни, уларни нима қизиқтираётгани - геологик қидирув, конларни қазиб олиш, фойдали қазилмаларни қайта ишлаш ёки бошқа йўналишни аниқ белгилаб олиш учун имконият яратилади.
Ғоя моҳиятини тушунтирар экан, Владимир Литвиненко: "Ушбу институтда дастлабки ўқитиш икки йил давом этиб, муҳандислик мутахассисликлари билан танишиш, шунингдек рус ва инглиз тилларини ўрганиш мумкин бўлади. Ўқишни тугатгандан сўнг битирувчилар Ўзбекистонда филиаллари бўлмаган Россия ва чет эл ҳамкор университетларининг учинчи курсига, шу жумладан Кончилик университетига ҳам ўтишлари мумкин", - деди.
Узоқбой Бегимқулов россиялик ҳамкасбининг таклифини юқори баҳолади. Унинг қайд этишича, Ўзбекистон Респубдикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олий таълим олдига республикани Марказий Осиёнинг таълим “хаб”ига айлантириш вазифасини қўйган. Бошланғич муҳандислик тайёргарлиги институтини ташкил этиш бўйича олиб борилган ишлар ушбу мақсадга эришишда муҳим ҳисса бўлиб қўшилади.
Учрашув иштирокчилари феврал ойининг бошларида Москвада бўлиб ўтадиган Россия-Ўзбекистон таълим форумида ушбу лойиҳа истиқболларини муҳокама қилишни давом эттиришга келишиб олдилар. Унда режани амалга ошириш бўйича илк қадамлар белгиланиши лозим.
Изоҳлар мавжуд емас