Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденевга ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз маълум қилишича, Россия ўзбекистонлик талабаларга ОТМларда ажратиладиган бюджет жойлари сонини оширишни режалаштирмоқда.
"Бўлиб ўтган саралаш кампаниясида Ўзбекистон учун ҳукумат квотасининг 228та ўринига 4 мингдан ортиқ номзод ариза топширган, бу эса квотани ошириш зарурлигидан далолат беради. Биз бу йўналишда тегишли ишларни амалга оширяпмиз", - деди Тюрденев Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Элчининг қўшимча қилишича, бугунги кунда Россия ОТМларида 30 мингдан ортиқ ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда. Унинг сўзларига кўра, умуман олганда, Ўзбекистон бу кўрсаткич бўйича хорижий давлатлар орасида Россияда етакчилик қилмоқда.
Шунингдек, Тюрденев Россия ОТМларининг Ўзбекистондаги филиаллари тармоғини изчил кенгайтириш масаласига ҳам эътибор қаратди. Хусусан, яқинда Тошкентда Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети филиали ва Россия халқлар дўстлиги университети ваколатхонаси очилди. Бу университет Россия Федерацияси ҳудудига ишлаш учун Ўзбекистон фуқароларини жалб этиш ва ташкилий равишда қабул қилишга оид Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасидаги келишувга асосан қўшимча умумтаълим дастурлари бўйича ўқитишни амалга оширмоқда.
Изоҳлар мавжуд емас