Россияда "ватандошнинг электрон картаси" ишлаб чиқилмоқда. Ундан  собиқ иттифоқ таркибига кирган давлатларда яшовчи шахслар фойдаланишлари мумкин бўлади
Жамият

Россияда "ватандошнинг электрон картаси" ишлаб чиқилмоқда. Ундан собиқ иттифоқ таркибига кирган давлатларда яшовчи шахслар фойдаланишлари мумкин бўлади

686

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Россияда "ватандошнинг электрон картаси" ишлаб чиқилмоқда. Мухбиримиз хабар беришича, ундан собиқ иттифоқ таркибига кирган давлатларда яшовчи шахслар фойдаланишлари мумкин бўлади. 

Янги ҳужжат ишлаб чиқилиши ҳақида "Россотрудничество" раҳбари Евгений Примаков маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, "Россотрудничество" бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда турли хизматлар кўрсатишни, шунингдек, Россия ва хориждаги ватандошлар учун чегирмалар ва имтиёзларни кўзда тутувчи "ватандошнинг электрон картаси"ни ишлаб чиқиш лойиҳасида иштирок этмоқда.

Примаковнинг айтишича, лойиҳа уч босқичда, жумладан, ватандошларни хабардор қилиш (1-босқич), имтиёзлар бериш (2-босқич), шунингдек, ёрдам ва проактив хизматлар (3-босқич)дан иборат ҳолда амалга оширилади. Айни пайтда биринчи босқичда иш олиб борилмоқда.

Ватандошлар ким?

Ҳозирги кунда Россия ватандошининг юридик тушунчаси "Россия Федерациясининг хориждаги ватандошларига нисбатан Давлат сиёсати тўғрисида"ги қонун билан белгиланган. Унга кўра, ватандошлар деганда шу давлатда туғилган, унда яшаётган ёки яшаган, умумий тил, тарих, маданий мерос, анъана ва урф-одат белгиларига эга бўлган шахслар ҳамда бу шахсларнинг бевосита авлодлари тушунилади.

Хориждаги Россия ватандошлари сифатида Россия Федерацияси ҳудудидан ташқарида истиқомат қилаётган Россия Федерацияси фуқаролари ва уларнинг авлодлари қабул қилинади. Шунингдек, Россия ватандошлари қаторига Россия федерацияси ҳудудидан ташқарида яшаётган шахслар ва уларнинг авлодлари ва қоида тариқасида, тарихан Россия Федерацияси ҳудудида яшаган халқларга тегишли, шунингдек Россиянинг маънавий, маданий ва ҳуқуқий алоқаларини эркин ҳолда танлаган шахслар, тўғридан-тўғри қариндошлари илгари Россия Федерацияси ҳудудида яшаган кишилар киритилади.

Бундан ташқари, собиқ СССР фуқаролари бўлган, СССР таркибига кирган давлатларда яшаётган, бу давлатлар фуқаролигини қабул қилган ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар, қолаверса, Россия давлати, Россия Республикаси, РСФСР, СССР ва Россия Федерациясидан чиққан (эмигрантлар), тегишли фуқароликка эга, хорижий давлат фуқаролигини олган ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар бу тоифага мансуб деб ҳисобланади.

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг 

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...