Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Самарқанд ва Туркиянинг Коня шаҳри биродарлашган шаҳар мақомида ҳамкорлик қилади. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Ўзбекистон делегацияси Туркияда ҳокимлар учун ташкил этилган малака ошириш дастурида иштирок этмоқда. Ташриф доирасида икки шаҳар раҳбарлари учрашув ўтказиб, унда Коня мэри Иброҳим Олтой ва Самарқанд ҳокими Фазлиддин Умаров шаҳарларнинг биродарлик мақомида ҳамкорлик қилиши тўғрисидаги баённомани имзолади.
Баённомага мувофиқ, томонлар таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар сиёсати, спорт, туризм, тарихий ва маданий меросни муҳофаза қилиш, экология, энергетика, маданият, санъат, ахборот технологиялари ва транспорт соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиради.
Шунингдек, ҳужжатда инвесторлар ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, халқаро ташкилотлар маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган қўшма лойиҳаларга кўмаклашиш, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари учун ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш назарда тутилган.
Коня – Туркиянинг энг йирик шаҳарларидан бири бўлиб, ўзининг бой тарихи ва маданий мероси билан машҳур. Шу билан бирга, у муҳим саноат ва қишлоқ хўжалиги маркази ҳисобланади ҳамда турли давлатлардан сайёҳлар учун тортиш нуқтаси бўлиб келмоқда. ШУнингдек, Коняда университетлар ва технопарклар жойлашган бўлиб, улар IT-соҳа ва илмий тадқиқотларни ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда.
Эслатиб ўтамизки, ўтган йил ёзида Ўзбекистон ва Озарбайжон шаҳарлари – Жиззах ва Губа, шунингдек, Шаҳрисабз ва Бейляган ҳам биродарлашган шаҳар мақомини олган эди.
Изоҳлар мавжуд емас