Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Самарқандда бир ой ичида 100 ўринга мўлжалланган шифохона ва ёнида 1000 кишилик карантин мажмуаси қурилади. Коронавирус эпидемияси тугагандан сўнг иккала иншоот ҳам Мудофаа вазирлиги ихтиёрига топширилади. Бу ҳақида Batafsil.uz мухбири хабар бермоқда.
100 ўринга мўлжалланган бир қаватли шифохона мажмуасини қуриш учун Самарқанд шаҳри «Ватанпарвар» маҳалласида жойлашган ҳарбий қисм ҳудудидан 18 гектар бўш ер майдони ажратилган.
Бош пудратчи ҳисобланган "Бунёдкор обод Пастарғом" давлат унитар корхонаси маълум қилишича, мажмуа бир ой ичида қурилиб, фойдаланишга топширилади.
Шифохона турли касалликлар, шу жумладан юқумли касалликларни даволашга мўлжалланган. У даволаш ва реанимация бўлимлари, тиббиёт ходимлари учун турар жойдан иборат бўлади.
Касалхона яқинида, яъни 37-ҳарбий шаҳарча ёнидаги ҳудудда 1000 ўринли карантин мажмуасининг қурилиши бошланди. Контейнерли мажмуа 9 гектардан ортиқ майдонда жойлашади. Тиббиёт ходимлари учун алоҳида иншоотлар қурилмоқда. Ҳудуд ободонлаштирилиб, мажмуага олиб борадиган 7 километрлик йўл асфалтланади.
"Ўзавтосаноат" акциядорлик компанияси томонидан контейнерларни олиб кириш бошланган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса мажмуа учун тиббий асбоб-ускуналарни етказиб бермоқда.
Келажакда шифохона ва карантин мажмуаси Мудофаа вазирлиги ихтиёрига ўтади.
Изоҳлар мавжуд емас