Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент Шавкат Мирзиёев "Янги Қарши" шаҳрини барпо этиш ҳамда Қарши магистрал канали бўйида замонавий туризм мажмуасини ташкил этиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Янги шаҳар учун Самарқанд – Ғузор йўналишидаги А-378 ҳамда Шаҳрисабзга олиб борувчи 4Р-79 автомобил йўллари оралиғидаги 5200 гектар майдон танлаб олинган.
Ушбу ҳудуд паст бонитетли, ҳозирда фойдаланилмаётган чўл ва яйлов ерларидан иборат. Дастлабки бош режа 500 минг аҳолига мўлжалланган бўлса-да, Давлатимиз раҳбари шаҳарни истиқболда 1 миллион аҳоли яшайдиган, Қаршига замонавий муқобил бўладиган йирик марказ сифатида режалаштириш зарурлигини таъкидлаган.
Лойиҳага кўра, "Янги Қарши"га вилоят ҳокимлиги ва бошқа давлат идоралари кўчирилади. Бу ерда конгресс-холл, концерт заллари ҳамда меҳмонхоналар барпо этилиб, Самарқанд ва Бухородаги каби йирик халқаро форумларни қабул қила оладиган туризм ва бизнес маркази шакллантирилади. Шаҳарни аэропорт ва темир йўл вокзали билан боғлаш учун электр жамоат транспорти, зарур бўлса, ерўсти метро қатновини йўлга қўйиш топширилган.
Шунингдек, тақдимотда Қарши магистрал канали бўйида 235 гектар майдонда ташкил этиладиган 3 километрлик туризм мажмуаси лойиҳаси ҳам кўриб чиқилган. Тўрт босқичда амалга ошириладиган ушбу лойиҳанинг дастлабки 30 гектарида ҳунармандлар шаҳарчаси, меҳмонхоналар, ресторан ва дўконлар, музей, аквапарк ҳамда қайиқлар сузиши учун сунъий кўл барпо этилади.
Президент янги шаҳар ва туризм мажмуасининг бош режаларини нуфузли хорижий архитектура компанияларини жалб этган ҳолда "ақлли" шаҳар, хавфсизлик ва қулайлик тамойиллари асосида пухта ишлаб чиқиш бўйича тегишли топшириқлар берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Қашқадарёда 6 миллиард доллардан зиёд бўлган янги лойиҳаларни ишга туширганди.

Изоҳлар мавжуд емас