Саудия Арабистони ва БААга парвозларга рухсат берилди. "Умра" якуни ва "Ҳаж – 2026" олдидан янги талаблар эълон қилинди
Жамият

Саудия Арабистони ва БААга парвозларга рухсат берилди. "Умра" якуни ва "Ҳаж – 2026" олдидан янги талаблар эълон қилинди

78

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Транспорт вазирлиги "Умра" мавсуми якунланаётгани ва яқинлашаётган "Ҳаж – 2026" мавсуми муносабати билан Саудия Арабистонига йўл олаётган зиёратчилар учун қатор чеклов ва талабларни маълум қилди. Шу билан бирга, 2026 йил 10 мартдан бошлаб Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларига йўловчи ташиш бўйича аввал жорий этилган чекловлар бекор қилинди.

Эндиликда авиакомпанияларга ушбу давлатларга нафақат йўловчиларни олиб бориш, балки у ердан қайта олиб келиш учун ҳам икки томонлама парвозларни амалга оширишга тўлиқ рухсат берилган.

Аввалроқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси минтақадаги хавфсизлик вазияти ва авиақатновларга киритилган чекловлар сабаб "Умра"сафарларини номаълум муддатга кечиктирганини маълум қилган эди. Фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида режалаштирилган айрим парвозлар вақтинча бекор қилинганди.

Эндиликда маълум қилинишича, Саудия Арабистони қонунчилигига мувофиқ барча "Умра" зиёратчилари "Ҳаж" мавсуми бошланишидан олдин мамлакатни тарк этиши шарт. Шу сабабли жорий йилнинг 10 мартдан бошлаб Саудия Арабистонига учиб кетаётган барча йўловчиларда қайтиш авиачиптаси бўлиши мажбурий ҳисобланади.

Uzbekistan Airports қайтиш чиптасига эга бўлмаган йўловчилар ҳақида маълумотларни рўйхатга олиб, ҳар куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этиб боради.

Шунингдек, зиёратчиларни ташиш билан фақат Дин ишлари бўйича қўмитадан махсус лицензия олган туроператорлар шуғулланиши мумкин.

Туроператорлар ҳар бир зиёратчига авиачипта билан бирга меҳмонхона ваучери, трансфер хизмати ва суғурта полисини ҳам тақдим этиши лозим. Ушбу ҳужжатларсиз йўлга чиққан фуқароларга ўз туроператорларидан зарур ҳужжатларни зудлик билан талаб қилиш тавсия этилди.

Транспорт вазирлиги талабларига кўра, мазкур қоидаларни бузган туроператорлар ва қайтиш чиптасисиз йўловчи юборган масъулларга нисбатан прокуратура ва бошқа назорат органлари томонидан қатъий чоралар кўрилади.

Бундан ташқари, авиакомпанияларга парвоз давомида овоз кучайтиргичлар орқали йўловчиларга уларнинг ҳуқуқлари ва зарур ҳужжатлар ҳақида эслатмалар бериб бориш мажбурияти юклатилди. Бу чоралар зиёратчиларнинг хорижда муаммоли вазиятда қолиб кетмаслигини таъминлашга қаратилган.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...