Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ўзбекистонда карантин чекловлари босқичма-босқич Республика комиссияси қарорига асосан касалликнинг ҳудудлар бўйича тарқалиши ва беморларнинг соғайиш ва тикланиш динамикасидан келиб чиққан ҳолда бекор қилинади. Бу ҳақида Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков брифинг давомида маълум қилган.
"Албатта, бунинг учун чекловларни олиб ташлашнинг алоҳида талаблари ва босқичларини назарда тутадиган ҳужжат ишлаб чиқилади. Аммо карантин тугаганлигининг расмий эълон қилингунигача карантин даври учун белгиланган санитария-гигиена қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига қатъий риоя қилиш керак", - деди у.
Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда республикада коронавирус инфекцияси аниқланмаган кўплаб туманлар мавжуд, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларидаги беморларнинг барчаси тўлиқ соғайган.
Шунингдек, Отабеков одамлар карантинни жорий этиш ва бекор қилиш ваколатига эга бўлган Республика комиссиясининг расмий маълумотларидан ташқари тарқатиладиган бошқа хабарларга ишонмасликлари кераклигини таъкидлади.
"Агар сиз ёлғон маълумотларга ишониб карантин талабларини бузсангиз, сиз барибир Маъмурий жавобгарлик - жаримага тортиласиз. Жиноят кодексининг 244-моддасига асосан ёлғон маълумот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланганлигини унутмаслик лозим", - деди у.
Эслатиб ўтамизки, Нурмат Отабековнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон коронавирус пандемиясидан кейин чет элликларнинг мамлакатга киришини тартибга солувчи виза масалаларини такомиллаштириш бўйича халқаро тажрибани ўрганмоқда.
Изоҳлар мавжуд емас