Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Сирдарё вилояти ҳокимлиги Сардоба сув омборидаги тўғоннинг ўпирилиши оқибатида жабрланганлар учун юборилган буюмлар нима сабабдан ёмғир остига қолдирилганлиги бўйича тушунтириш бериб ўтди. Ўзбекистонликларни ғазаблантирган фотосуратлар 14 май куни ижтимоий тармоқларда эълон қилинди. Бу тўғрисида мухбиримиз хабар бермоқда.
“Мана шундай манзара юзага келган. Хамма нарса ёмғирда қолиб, ивиб кетган. Қолинлар, кўрпача ва кийим-кечак. Қоровулнинг айтишича, одамлар келиб нарса сўрашганда, уларга йўқ дейишган. Прописка бўйича берилармиш!”, - дея ёзмоқда қариндошлари Гулистонга эвакуация қилинганларга ёрдам олиб борган Тошкентлик аёл.
Бугун Сирдарё вилояти матбуот-хизмати мазкур суратлар бўйича изоҳ берди.
Вилоят ҳокимлигининг маълум қилишича, фотосуратлар Гулистон шаҳри Н.Зокирова кўчасидаги 1-уйда жойлашган тошқиндан жабрланганларга берилган кийим-кечак ва уй-рўзғор буюмлари сақланадиган вақтинчалик омборхонада олинган.
Ҳокимлик берган хабарга кўра, буюмларни саралаш маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ходимлари, шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти кўнгиллилари томонидан амалга оширилмоқда. Инсонпарварлик ёрдами аввал очиқ ҳавода ажратиб олиниб, кейинчалик дезинфекция қилинади ва омбор ичида қайта сараланади.
“13 ва 14-май кунлари Гулистонда ёмғир ёққан. Юк машиналаридан юкларни тушириш пайтида ёмғир кучайган. Кўнгиллилар ёмғир қолишини том остида кутиб туришган. Айнан ўша пайтда ижтимоий тармоқларда тарқалган фотосуратлар олинган”, - деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги.
Шунингдек, Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати сараланган ва зарарсизлантирилган буюмлар эвакуация қилинган аҳолига топширилаётганлигини билдирди.
Изоҳлар мавжуд емас