Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг айтишича, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини ортиқча истеъмол қилиш ва камҳаракатлик коронавируснинг оғир кечишига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақида мухбиримиз хабар бермоқда.
Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов Сирдарё вилоятининг Оқолтин туман ҳокимлигида қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари шифокорлари, маҳалла фаоллари ва аҳоли вакиллари билан учрашиб, соғлом турмуш тарзининг фойдали жиҳатлари ҳақида гапирган.
“Коронавирус инфекцияси кишиларнинг соғлиғи, ҳаётига хавф солаётган бир пайтда ҳаммани вирусдан зарарланганда қандай қилиб ундан тез ва осон қутулиш мумкин, деган савол қийнамоқда. Муаммонинг ягона ва энг самарали ечими соғлом турмуш тарзига амал қилишдир. Бу нафақат вирусдан ҳимояланиш, балки узоқ ва бахтли ҳаёт кечиришнинг ҳам энг асосий қоидаси, талаби ҳисобланади. Касалликнинг кучли асоратлари ва ўлим ҳолатлари асосан юрак қон-томир касалликлари, қандли диабет, ўпканинг сурункали касалликлари бўлган ёки ортиқча вазнга эга бўлган, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилган, камҳаракат инсонларда учрамоқда”, - деди Шодмонов.
Вазирнинг сўзларига кўра, шуни унутмалик керакки, касалликнинг енгил кечиши ёшга боғлиқ эмас, катта ёшда бўлса ҳам тўғри овқатланадиган, жисмоний фаол бўлган, семизлиги ва диабети бўлмаган инсонларда касаллик анча енгил кечади.
Унинг қайд этишича, соғлом турмуш тарзининг асоси— жисмоний фаоллик ва тўғри овқатланишдир. Мутахассисларнинг фикрига кўра, инсон кунига 5-7 километр пиёда юрса, қон томир касалликлари, юрак хуружи, инсульт каби ҳасталиклардан бутунлай йироқ бўлади. Ортиқча вазн эса, касалликлар уясидир.
Изоҳлар мавжуд емас