Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев коронавирус учун ваҳимага тушиш керак эмаслиги, Зангиотадаги юқумли касалликлар шифохонасида минглаб жойлаш бўш турганлигини айтиб ўтди.
Эслатиб ўтамизки, кеча ижтимоий тармоқларда шифохоналарда "жой қолмагани", айниқса Зангиота юқумли касалликлар шифохонасининг жонлантириш бўлимида кўплаб беморлар оғир аҳволда ётиб, у "тўлиб кетганлиги" ҳақида номаълум шахсларнинг аудио хабарлари тарқалди.
"Зангиотада юқумли касалликларга чалинган беморлар учун тўрт минг беморга мўлжалланган иккита мажмуа мавжуд. Улардан бирининг "А" блоки ёпиқ, "Б" блокининг биринчи бўлими ва иккинчи бўлимининг ярми ҳам ёпиқ турибди. Улар керак бўлганда очилади. Шунинг учун ҳозирда Зангиотада минглаб жойлар бўш", - деди Санаев “UzReport” телеканалига берган интервьюсида.
Унинг сўзларига кўра, ваҳимага ва хавотирга асло сабаб йўқ.
"Одатда, баҳор ва кузда ўткир респиратор касалликлар сони ортади. Бу биринчи сабаб. Иккинчидан - кўп кишилар ниқоб тақиш, жамоат жойларида масофани сақлашни тўхтатди. Энг муҳими, республикада коронавирус инфекцияси манбаи ҳали ҳам мавжуд, биз бошқа кўплаб мамлакатлар каби ундан ҳозирга қутулганимиз йўқ", - дея таъкидлади у.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас