Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. “Таҳлилнома” кўрсатуви репортажига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар беришича, Тошкентдаги собиқ “Россия” меҳмонхонаси ёнидаги кесишма қайта қурилади.
Усмон Носир (аввалги Шота Руставели) ва Миробод кўчалари кесишувидаги чорраҳа пойтахтдаги энг серқатновлардан бири ҳисобланади. Уни қандай ўзгартириш режалаштирилгани ҳақида Туркиянинг Kalyon Ulaştırma лойиҳа компанияси раҳбари Джихат Кальёнджуоглу айтиб берди.
"Бу кесишма айланма ҳисобланади. Бу ердан ўтаётган транспорт воситаларини ҳисоблаш жараёнида чорраҳа марказидаги оролча қўшимча кутишга сабаб бўлаётганини сездик. Келажакда амалдаги геометрияга BRT (тезюрар автобус) тизимини қўшиш чорраҳага салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу муносабат билан, чорраҳа тўрт томонлама кесишмага айлантирилади ва чап томонга бурилиш учун алоҳида полосалар қўшилади. Бундан ташқари, алоҳида кичик бурилишлар ва светофорлар фазалари жорий қилинади", - деди Кальёнджуоглу.
Унинг қўшимча қилишича, бунинг натижасида транспорт воситаларининг асосий оқими эркин ҳаракат қилиш имконига эга бўлади. BRT йўналишларидаги тезюрар автобуслар светофорларда устуворликка эга бўлади ва тўхтамасдан ҳаракатланади.
"Бундай таҳлил ва лойиҳалаш 24та чорраҳада амалга оширилди. Уларда йўл ҳаракатини ўзгартириш натижасида бир йилда ёқилғи тежаш миқдори 22 млн. доллардан ошади. Чорраҳалар самарадорлиги "Хизмат кўрсатиш даражаси" таснифи билан ўлчанади. Агарда битта автомобил учун кесишувдаги ўртача ушлаб қолиниш 10 сониядан кам бўлса, унда бу "А" даражасидир. Агар ушланиб қолиниш 80 сониядан кўпроқ бўлса, бу "F" даражаси деб эътироф қилинади.
Унинг сўзларига кўра, айни пайтда Тошкентдаги 24та йирик кесишмада хизмат кўрсатишнинг ўртача даражаси "Е" (55 дан 80 секундгача)га тенг, трансформация ишларидан сўнг эса "С" (20 дан 35 секундгача) бўлади.
Изоҳлар мавжуд емас