Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сурхондарё вилоятида камбағал оилалар фарзандларини таълим ва мактабгача таълимга кенг қамраб олиш, шунингдек, бола парвариши билан банд оналарни касаначиликка жалб қилиш чоралари белгиланди. Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимовга кўра, камбағаллик реестридаги оилаларнинг мактаб ёшидаги болаларига репетиторлар бириктирилиб, уларнинг таълими алоҳида назоратга олинади.
Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинган видеоселектор йиғилишида маълум қилинган.
Улуғбек Қосимовнинг таъкидлашича, вилоятда камбағал оилаларда тарбияланаётган 39 минг нафар боғча ёшидаги болани мактабгача таълим билан қамраб олиш режалаштирилган. Шунингдек, бола парвариши билан банд бўлган 15 минг нафар онани лидер тадбиркорлар билан ҳамкорликда касаначилик асосида иш билан таъминлаш кўзда тутилмоқда.
Вилоят ҳокими камбағал оилалар билан ишлашда ҳар бир хонадонга алоҳида ёндашувни кучайтириш зарурлигини қайд этган. Унинг айтишича, оилаларнинг муаммолари индивидуал ўрганилиб, аҳоли ва тадбиркорлар билан бевосита маҳаллалар даражасида иш олиб борилади.
Сурхондарёдаги 724 та маҳалланинг 600 дан зиёти бугунги кунга келиб муайян йўналишларга ихтисослаштирилган. Вилоят ҳокими бу жараёнга 2024–2026 йилларда ажратилган 15 триллион сўм маблағ муҳим ресурс бўлганини таъкидлаган.
Айни пайтда Бойсун, Бандихон ва Олтинсой туманларида камбағалликни қисқартириш борасида қатор масалалар долзарб бўлиб турибди. Қосимов ушбу туманлардаги муаммоларни йил якунига қадар ҳал этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланганини маълум қилган.
Вилоят раҳбари мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, камбағал оилалар билан манзилли ишлаш, уларни касбга ўргатиш ва даромад манбалари билан таъминлаш орқали камбағалликни қисқартириш чоралари кучайтирилишини билдирган.
Илгарироқ Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов эса йил охиригача ҳудудда камбағаллик ва ишсизликни нол даражага туширишга ваъда берганди.

Изоҳлар мавжуд емас