Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россия ва Монголия чегарасида жойлашган Сайлюгем табиий ўлат ўчоғида юқори эпизоотик фаоллик аниқланди. Роспотребнадзор маълум қилишича, 2026 йилда ўтказилган лаборатория тадқиқотларида 200 дан ортиқ дала материаллари намунаси ўрганилган ва ўчоқдаги фаоллик юқори экани тасдиқланган.
Сайлюгем ўлат ўчоғининг умумий майдони қарийб 29 минг квадрат километрни ташкил этади. Унинг тахминан 60 фоизи Монголия ҳудудига тўғри келади. Ўчоқнинг Россия билан чегарадош қисмида ҳам юқори эпизоотик фаоллик қайд этилган.
Роспотребнадзор Россия ва Монголия мутахассислари билан биргаликда ушбу табиий ўчоқдаги эпизоотик вазиятни мунтазам кузатиб бораётганини маълум қилган. Шунингдек, аҳоли ўртасида эпидемиологик кўрсатмалар асосида ўлатга қарши вакцинация ишлари амалга оширилмоқда.
Ведомствонинг таъкидлашича, Россиядаги ўлатга қарши ихтисослаштирилган муассасалар табиий ўчоқларда инфекция фаоллигини мониторинг қилиш, касаллик ҳолатларининг олдини олиш ва зарур профилактик чораларни кўриш ишларини давом эттирмоқда.
Табиий ўлат ўчоғи — инсонлар иштирокисиз ҳам инфекция қўзғатувчиси ёввойи ҳайвонлар популяциясида доимий равишда айланиб турадиган ҳудуд ҳисобланади. Бундай ҳудудларда асосий хавф қўзғатувчининг кемирувчилар ва бошқа ёввойи ҳайвонлар орасида сақланиши билан боғлиқ.
Монголияда 2023 йилда мамлакатнинг 17 та ҳудудида, жумладан Россия ва Хитой билан чегарадош ҳудудларда 137 та табиий ўлат ўчоғи қайд этилган. Ўша вақтда Россиянинг чегара ҳудудларидаги мутахассислар ҳам ўлат тарқатувчи кемирувчилар фаоллигини кузатишга тайёргарлик кўрган.
Роспотребнадзор маълумотига кўра, Россияда 2017 йилдан буён одамларнинг ўлат билан зарарланган ҳолати қайд этилмаган.
Бундан олдин Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида йил бошидан буён хавфли юқумли касаллик — Қрим-Конго геморрагик иситмасининг 8 та ҳолати қайд этилгани ҳақида хабар бергандик. Касалланганлар орасида қовун далаларида ишлаш ёки дам олиш вақтида кана чаққан Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор.

Изоҳлар мавжуд емас