Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов йил охиригача ҳудудда камбағаллик ва ишсизликни нол даражага туширишга ваъда берди. У бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.
Зариповнинг таъкидлашича, Бухоронинг 2500 йиллик тарихи давомида бугунгидек ривожланиш бўлмаган. Ҳоким вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотини 10 фоизга ошириш бўйича мажбурият олганини айтган.
Унинг сўзларига кўра, ҳудудга 12 триллион сўм миқдорида кредит ресурслари ажратилган. Президент ҳудуд раҳбарларидан мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, аҳоли фаровонлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва камбағалликни қисқартиришни талаб қилган.
"Сиз 12 триллион сўмлик кредит ресурсларини ажратдингиз ва биздан нималар етишмаётганини сўрадингиз. Мен очиқ айтдим: биз, ҳокимлар, қуйига тушиб, сиз яратган имкониятлар, имтиёзлар ва шароитлардан фойдаланиб, камбағаллик ва ишсизликни нолга туширишимиз керак", — деган Зарипов.
Ҳоким бунинг учун вилоятда яратилган имкониятлардан, хусусан, туризм салоҳиятидан фойдаланиш режалаштирилаётганини билдирган. У Бухорода туризмнинг ривожланиши янги хизматлар ва иш ўринларини яратиш учун қўшимча имконият бераётганини таъкидлаган.
Шунингдек, Зарипов ишсизликни камайтириш ва аҳоли даромадларини ошириш учун ажратилган маблағлардан фойдаланишини маълум қилган.
Президент Шавкат Мирзиёев Бухорода сўнгги йилларда муайян натижаларга эришилганини эътироф этган. Бироқ у ҳудудда ҳали кўплаб вазифалар турганини таъкидлаб, вилоят раҳбариятини эришилган натижалар билан чекланмасликка чақирган.
"Биз эришган натижалар юқори ва бу натижалар — ўзимизники. Лекин олдимизда ҳали жуда кўп ишлар бор", — деган давлат раҳбари.
Мирзиёев Бухорода илгари сув ва йўл инфратузилмаси билан боғлиқ жиддий муаммолар бўлганини ҳам қайд этган. Унинг айтишича, сўнгги йилларда вилоятда сув таъминоти ва йўлларни яхшилаш учун катта маблағлар йўналтирилган.
Президентнинг таъкидлашича, ушбу инфратузилма лойиҳалари аҳоли турмуш шароитини яхшилаш билан бирга, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилиши керак.
Ботир Зариповнинг камбағаллик ва ишсизликни йил охиригача нолга тушириш ҳақидаги ваъдаси учун эса тўрт ойга яқин вақт қолмоқда.
Олдинроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Бош вазир ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳукуматнинг 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги бўйича ҳисоботини тақдим этганди. Бироқ тақдим этилган баландпарвоз кўрсаткичлар ва расмий маълумотлар парламентда қизғин муҳокама ҳамда кескин танқидларга сабаб бўлган эди. Унда Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 4,5 фоизгача камайгани ҳақиқат эканлиги сўроқ остига олинганди.
Бухоро ҳокими йил охиригача камбағаллик ва ишсизликка барҳам беришга ваъда берди
20
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

Изоҳлар мавжуд емас