Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Al Jazeera, The Guardian, Eurasianet ва The Diplomat учун мақола ёзиб келаётган польшалик журналист-аёл Агнешка Пикулицкининг аккредитациясини узайтирмаган. Бу ҳақида мухбиримиз хабар бермоқда.
"Al Jazeera телеканали мухбири А.Пикулицки-Вильчевски томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини бузиш ҳолатлари муносабати билан Ташқи ишлар вазирлиги аккредитацияни узайтирмасликка қарор қилди", - дейилмоқда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий баёнотида.
Эслатиб ўтамизки, Пикулицка 2021 йилнинг 3 февралида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида юз берган жинсий маънодаги жанжалдан сўнг аккредитация олган эди. 1 февраль куни журналист ушбу вазирлик ходимининг тегажоқлигидан шикоят қилган.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг "Рустам" исмли вакили унга нафақат тегажоқлик қилган, балки республикада аккредитация эвазига ижобий мақола ёзишга мажбур қилмоқчи бўлиб, тазйиқ ўтказган.
Кейинчалик Агнешка Пикулицка бу жанжал ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидаги вазият ҳақида мухбиримизга батафсил гапириб берди.
"Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги доимий равишда журналистларга ижобий мақолалар ёзиш учун босим ўтказишга ҳаракат қилади. Бу эса чет эллик журналистлар назарида Ўзбекистон обрўйини ёмонлаштиради. Чунки улар бундай босим билан ҳеч нарсага эриша олмайдилар. Яхши Ғарб журналисти буюртма бўйича мақола ёзишига шубҳам бор. Буни тушунишнинг вақти келди.
Улар қандайдир махфий тузилма сифатида иш тутишади. Биз билан мулоқотга киришадиган ходимларнинг исмини ҳам билмаймиз. Ишлаш маданиятини ўзгартириш керак. Матбуот хизмати жуда ёмон ишлайди. Менга аккредитация берилгани ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Уларнинг иложи қолмади. Ярим йил давомида мен ҳар ҳафта қўнғироқ қилиб турдим. Менга ҳеч ким ҳеч қандай маълумот бергани йўқ”, -дея таъкидлаганди ўшанда журналист-аёл.
Изоҳлар мавжуд емас