Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz ЯА. Uzbekistan Airport раҳбари Равшан Исмоиловга ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар беришича, яқин йилларда Тошкент халқаро аэропортининг ўтказиш қуввати 4,5 миллион кишидан 7-8 миллионгача оширилади.
Ҳозирги пайтда Германиялик мутахассислар билан биргаликда лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда. Барча реконструкция ишларини жорий йилнинг охиригача якунлаш режалаштирилмоқда.
"Албатта, биз аэропортда янги терминал қура олмаймиз. Аммо жиддий модернизация қилиш бўйича режалар йўқ эмас. Руйҳатга олиш жойлари сонини икки баравар - 24тадан 48тагача ошириш кўзда тутилган. Аэропортнинг автотураргоҳи катта муаммо ҳисобланади. У ҳам модернизация қилиниб, қулай ва арзон бўлади. Масалан, бу ерда халқаро стандартлар жорий қилинади. Хусусан, аэропортга кирадиган таксилар ва хусусий автомобиль эгалари дастлабки 10 дақиқа туриш учун ҳақ тўламайдилар",- деди у.
Бундан ташқари унинг айтишича, ҳозирда автотураргоҳга фақат битта кириш жойи мавжуд бўлиб, реконструкциядан сўнг саккизта кириш ва саккизта чиқиш жойлари ташкил этилади. Шу билан бирга, инсон омилини бутунлай бартараф этиш режалаштирилган, яъни автомобилларни ўтказиш тизими тўлиқ автоматлаштирилади.
Исмоилов таъкидлаганидек, келгусида пойтахт аэропорти барпо этилаётган Тошкент-Шарқий аэропорти билан узвий боғланган ҳолда ягона хаб сифатида ишлай бошлайди. Келгуси йилда янги ҳаво порти ишга туширилиши билан, умумий ўтказиш қуввати йилига 10 миллион йўловчидан ошади.
"Тошкент- Шарқий" келгусида тўлақонли аэропортга айланади, бу ерда йўловчи ва юк терминаллари бўлади. Кейинчалик салоҳият ушбу иккита аэропортнинг имкониятларидан ошиб кетиши биланоқ, биз йилига 50 миллион йўловчига мўлжалланган янги замонавий аэропорт барпо этиш тўғрисида ўйлаб кўрамиз", - деди у.
Шунингдек, Равшан Исмоилов кейинги 10 йил ичида Тошкент аэропортини 30-35 километрга шаҳар ташқарисида кўчириш режалаштирилганлигини айтди.
Изоҳлар мавжуд емас