Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. ТИВ томонидан берилган маълумотга асосланган ҳолда мухбиримиз хабар қилишича, Тошкент Халқаро Вестминстер Университетида бакалавриат ва магистратура дастурлари бўйича янги таълим йўналишларини очилади.
Бу ҳақида Вестминстер университети президенти Питер Бонфилд ва Тошкент Халқаро Вестминстер Университети (ТХВУ) ректори Комилжон Каримов ўртасида бўлиб ўтган музокаралар натижасида маълум бўлди.
Учрашув якунларига кўра, сифатли таълим стандартларини таъминлаш асосида кадрлар тайёрлаш соҳасида иккала университет ўртасида стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган шартнома имзоланди.
Хусусан, ҳужжатда ТХВУда молиявий технологиялар, бизнес менежменти ва маркетинги бўйича янги бакалавриат дастурларини, шунингдек, инсон ресурсларини бошқариш ва маълумотларни таҳлил қилиш бўйича магистрлик курсларини жорий этиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, томонлар талаб юқори бўлган соҳалардаги давлат хизматчилари, бизнес вакиллари ва жисмоний шахслар малакасини ошириш бўйича қисқа муддатли курслар ва тренингларни ташкил этишда ҳамкорлик қиладилар.
Келишув бандларини амалда бажариш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида жорий йилда Вестминстер университетининг глобал ҳамкорлик бўйича проректори, профессор Александра Хайес март ойининг бошида, Питер Бонфилд эса ноябрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюради.
Буюк Британия жамоатчилигини Ўзбекистоннинг бой маданий ва тарихий мероси, туристик ва инвестицион салоҳияти билан таништириш мақсадида Лондонда бир қатор ўзаро тадбирларни ўтказиш тўғрисида Вестминстер университети раҳбарияти билан келишувларга эришилди.
Изоҳлар мавжуд емас