Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Тошкент метрополитени метрода одамларнинг тўпланиши бўйича изоҳ берди. Барчасига Сергели йўналиши, транспорт карталари ва анаъанага кўра, платформа бўйлаб нотўғри жойлашаётган йўловчиларининг ўзи сабабчи бўлмоқда экан. Бу ҳақида мухбиримиз хабар бермоқда.
"Ҳозирги вақтда пойтахт метроси белгиланган жадвалга мувофиқ фаолият кўрсатмоқда. Чилонзор линиясида метронинг Сергели филиали очилгач, йўловчилар оқими чўққи соатларида (эрталаб соат 07:00-09:00 ва кеч соат 17:00-19:00да) ошди. Ҳозирги шароитда йўловчи ташиш поездлари орасидаги ҳаракат интервалини камайтириш чоралари кўрилди. Йўловчилар оқими пасайгандан сўнг поездлар ҳаракатланиши ўртасидаги интервал яна ортади", - дея қайд этди "Ўзбекистон темир йуллари".
Шунингдек, компаниянинг маълум қилишича, Тошкент метрополитени ҳар куни 250 мингдан ортиқ йўловчини ташийди. Метрополитен раҳбарияти томонидан йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда. Шунингдек, чўққи соатларида йўловчилар оқими жадаллигига қараб қўшимча чиптахоналар очилади.
"Одамлар тўпланиши платформа бўйлаб йўловчиларни нотўғри жойлашиши туфайли келиб чиқади. Одатда йўловчилар фақат поезднинг бош ёки охирги вагонларига киришга ҳаракат қилишади, ҳолбуки ўрта вагонларда ҳам жой етарли бўлади", - дея таъкидлади метрополитен маъмурияти.
Шунингдек, компания берган маълумотларга кўра, кира ҳаққини учун тўлаш учун Ягона транспорт картасининг жорий этилиши боис кассалар олдида одамлар тўпланиши кузатилмоқда. Айни пайтда кассалардан ташқари, тўлов карталари балансини тўлдириш учун бир нечта муқобил усуллар мавжуд.
Жумладан, ATTO (QR-кодлар генерацияси), NFC технологияси, PayMe ва Apelsin тўлов тизимлари, HUMO тўлов тизимининг банк карталари ёрдамида балансни тўлдириш мумкин.
Бундан ташқари, чиптахоналар ёнига махсус ахборот киосклари ўрнатилган бўлиб, унда йўловчилар Ягона транспорт карта балансини тўлдиришлари ва СМС-хабарнома каби қўшимча хизматларни ўрнатишлари мумкин.
Изоҳлар мавжуд емас