Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Рақобат қўмитаси оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда биологик фаол қўшимчалар (БАД), малҳам, суртма, бальзам, дамлама ва минерал сувларни турли касалликларни даволайдиган восита сифатида тарғиб қилиш ҳолатларига эътибор қаратди. Қўмита бундай реклама истеъмолчиларда маҳсулотларни дори воситаси сифатида қабул қилишга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.
Қўмита маълумотига кўра, айрим рекламаларда БАДлар диабет, инсульт, гастрит, юрак-қон томир, жигар, буйрак, артрит, гипертония ва бошқа касалликларни даволашда самарали восита сифатида кўрсатилмоқда.
Ваколатли органлар хулосасига кўра, биологик фаол қўшимчалар организмнинг фойдали моддаларга бўлган кундалик эҳтиёжини қондиришга мўлжалланган бўлиб, дори воситаси ҳисобланмайди ва касалликларни даволаш учун мўлжалланмаган.
"Реклама тўғрисида"ги қонуннинг 35-моддасига мувофиқ, БАД ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламасида улар дори воситаси ёки даволаш хусусиятига эга деган таассурот уйғотилишига йўл қўйилмайди. Шунингдек, рекламаларда одамларнинг даволангани ёки аҳволи яхшиланганига ҳавола қилиш, фуқароларнинг миннатдорчилиги ёки тавсияларини келтириш тақиқланган.
Бундан ташқари, бундай рекламалар соғлом овқатланишни рад этишга ундамаслиги, тадқиқотлар ёки давлат рўйхатидан ўтказилганлик ҳақидаги маълумотлар орқали маҳсулотни дори воситаларидан устун қилиб кўрсатмаслиги керак.
Қонун талабларига кўра, БАД рекламаси ҳар бир ҳолатда "Ушбу маҳсулот дори воситаси эмас" мазмунидаги огоҳлантириш билан берилиши шарт.
Рақобат қўмитаси реклама берувчилар ва тарқатувчиларни қонунчилик талабларига риоя қилишга, истеъмолчиларни чалғитувчи ҳамда асоссиз. маълумотларни тарқатмасликка чақирди. Қонун талабларини бузганлик учун молиявий санкциялар қўлланилиши мумкин.
Олдинроқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан жисмоний шахслар учун биологик фаол қўшимчаларни (БФҚ) божхона тўловларисиз олиб кириш тартиби соддалаштирилганди. Янги қоидаларга кўра, эндиликда фуқаролар хориждан 3 килограммгача бўлган миқдордаги қўшимчаларни божсиз олиб ўтишлари мумкин.

Изоҳлар мавжуд емас