Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2030 йилгача Тошкент метрополитенидаги станциялар сонини 50 тадан 79 тага, линиялар узунлигини эса 71 километрдан 103 километрга етказиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, кунлик йўловчилар оқимини 1,2 миллиондан 1,8 миллион кишига ошириш мақсад қилинган.
Бу ҳақда пойтахт метрополитенини ривожлантириш масалаларига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Режага кўра, поездлар ҳаракати оралиғини ҳам қисқартириш кўзда тутилган. Хусусан, метро поездлари 2–3 дақиқалик интервал билан ҳаракатланиши режалаштирилмоқда.
Метро тармоғини кенгайтириш зарурати пойтахт аҳолиси сонининг ўсиши, шаҳар ҳудудининг кенгайиши, янги турар жойлар ва саноат ҳудудларининг пайдо бўлиши билан изоҳланмоқда.
Дастур доирасида янги метро участкаларини қуриш, ҳаракат таркибини янгилаш, рақамли технологияларни жорий этиш ва бошқарув тизимини такомиллаштириш режалаштирилган.
Маълум қилинишича, сўнгги етти йил ичида Тошкент метрополитенида 21 та янги станция ишга туширилган, линияларнинг умумий узунлиги эса 33 километрга ошган.
Шу даврда метронинг кунлик йўловчи оқими ҳам сезиларли кўпайган. Агар 2021 йилда кунига 280–300 минг киши метродан фойдаланган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткич 1,2 миллиондан ошган.
2030 йилгача белгиланган режалар амалга ошса, пойтахт метрополитенидаги станциялар сони яна 29 тага кўпаяди, линиялар узунлиги эса 32 километрга узаяди.

Изоҳлар мавжуд емас