Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда олий таълим муассасалари талабаларидан шахсий телефонларига "Хавфсиз талаба" иловасини ўрнатиш талаб қилингани жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлганди. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида факультет декани ишдан олди. Batafsil.uz мухбирига ушбу ҳолатни Жаҳон тиллари университети ректори Илхомжон Тухтасинов тасдиқлади.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари шахсий телефонларига "Хавфсиз талаба" иловасини ўрнатиш талаб қилинаётганини маълум қилганди. Айрим талабаларнинг айтишича, иловани ўрнатмаганлар дарсларга киритилмаган, ҳатто барча талабалар уни ўрнатгунига қадар машғулотлар тўхтатиб турилган.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ушбу ҳолатларни ўрганиш учун ишчи гуруҳ тузилганини билдирди. Вазирлик таълим жараёни узлуксиз давом этиши ва талабаларнинг ҳуқуқлари таъминланиши кераклигини таъкидлаганди.
Манбаларимиз тақдим этган маълумотга кўра, ҳатто дарс вақтида масъуллар кириб, ҳар бир талабадан иловани ўрнатишни талаб қилган. Тюторларга эса ҳисобот қилиш топширилган. Улар ҳар бир талабанинг телефонига илова ўрнатилганининг исботи сифатида таҳсил олувчилардан исботловчи скриншотлар йиғишган.
Илхомжон Тухтасиновнинг маълум қилишича, илова ўрнатмаган талабаларни дарсга киритмаслик билан боғлиқ воқеалар ортидан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Таржимонлик факультети декани Улуғбек Йўлдошев лавозимидан озод этилган.

Изоҳлар мавжуд емас